Беш қизи футболчи бўлган олти қизли ота

Беш қизи футболчи бўлган олти қизли ота

 

Кеча пойтахтимиздаги “ЎзЭкспомарказ” кўргазмалар залида ПФЛ томонидан ташкил этилган МАВСУМ-2018 лауреатларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Қашқадарё вилоятидан таклиф этилган меҳмон Илҳом Чоршанбиев “Йил ифтихори” рағбатлантирувчи мукофоти билан тақдирланди.
 
Бу инсон футбол жамоатчилиги учун мутлақо бегона, десак хато бўлмас. Бироқ унинг нақд беш нафар қизи футбол билан шуғулланиб келмоқда. Илҳом аканинг ўзи ҳам спортга бегона эмас, от миниб кўпкари чопар экан. Аммо чавандознинг барча қизлари футболга меҳр қўйишгани ҳайратимизни оширди ва Илҳом акани суҳбатга тортдик.
 
- Аввало мукофот билан табриклаймиз.
 
- Раҳмат.
 
- Илҳом ака, сизнинг бир йўла беш нафар қизингиз футбол билан шуғулланиб келишар экан. Аслида қиз боланинг спорт билан шуғулланиши минталитетимизга бироз зид. Аммо сизнинг қизларингиз футболга ошуфта бўлишган. Бунинг сабаби нимада?
 
- Мен ҳам аксарият ўғил болалар каби ёшлигимда футболчи бўлишни орзу қилганман. Лекин бизнинг болалик чоғларимизда футболга ҳозиргидек эътибор қаратилмас эди. Уйдагиларим қизиқишимни тўғри қабул қилган, аммо мени қаерга олиб бориш, кимга мурожаат қилишни билмаган. Натижада футболчи бўлиш орзуим армон бўлиб қолган. Орзуимга фарзандларим ёрдамида эришиш мақсадида қизларимни футболга бердим. Ҳозир олтита қизим бор, улардан тўнғичи Жисмоний тарбия коллежини тугатган ва ҳозирда мураббийлик соҳасида фаолият олиб бормоқда. Қолган бешта қизим эса айни пайтда футбол билан шуғулланиб келишмоқда. Футболчи қизларимдан каттаси Лайло Шодиева “Севинч” жамоасида ўйнайди. У шунингдек 19 ёшгача бўлган қизлардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси сафида Осиё чемпионатига саралаш ўйинларида гуруҳда 1-ўринни қўлга киритишди. Қизим ушбу жамоанинг сардори ҳам. Кейинги қизим Амина эса Навоийнинг “Гули” жамоасида тўп суриб келмоқда. Ундан кейинги қизим Эътибор Шодиева 2004 йилда туғилган, яна 2008 ва 2010 йилларда туғилган қизларим ҳам ҳозирда “Севинч” клубининг ўсмир қизлар жамоаларида шуғулланиб келишмоқда.
 
- Агар Яратган сизга ўғил фарзанд берса, етук футболчи қилиб тарбиялар экансизда.
 
- Ҳа, шундай. Аслида қизларимнинг ҳеч бирини ўша машҳур Роналдудан кам, деб ҳисобламайман. Оллоҳга шукр еттинчи фарзандим ўғил, у ҳозир тўрт ёшда. Лекин унинг фикру зикри Роналду бўлиб қолган. “Дада, мен Роналдудек бўламан”, дейди ва бундан кўнглим кўтарилади. Биласизми, ўғлим юришдан олдин тўп тепишни ўрганди, десам хато бўлмайди. Ҳали эмаклай бошлагандан футбол тўпига ошно тутинган ва кўз тегмасин, ҳозир ҳам ундан ажралгани йўқ. Истардимки, ўғлим келгусида ўзимизнинг Одил Аҳмедовларга ўхшаб яхши футболчи бўлиб, жаҳон ареналарида ватанимиз байроғини янада юқорига кўтаришга ҳисса қўшсин. Шунда мендан бахтли одам бўлмасди. Сўзим якунида яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан барча юртдошларимизни табриклайман. Илоҳим юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлиб, футболчиларимиз ҳамиша ўзларининг чиройли ўйинлари билан мухлисларини қувонтириб юраверишсин.
 
Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!