Бедана боқиб миллионер бўлган одам

Бедана боқиб миллионер бўлган одам
Мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланиб, оиласи фаровонлиги ва жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонлар жуда кўп. Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани Иттифоқ маҳалласида яшовчи Ўткир Мирзаалиев шулардан бири.
Ўткир ака Сайхунобод тумани телекоммуникация боғланмасида ишлайди. Ишдан ажралмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланади. Яъни, уйида бедана боқади ва кўпайтиради.
Президентимиз шу ҳафта Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Мирзаобод туманидаги Бек кластер масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона томонидан ташкил этилган пахтани қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишиш жараёнида бир гуруҳ наслли йилқичилик, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланадиган тадбиркорлар билан учрашган эди.
Бедана боқиш ва кўпайтириш даромадли соҳа, дейди Ў. Мирзаалиев. Тўғри, бедананинг вазни енгил, тухумлари ҳам майда. Аммо бедана гўшти ва тухуми шифобахшлиги сабабли унга доим талаб юқори бўлган. Ҳозир уйимизда 3 мингга яқин бедана бор. Кунига ўртача 2500-2600 та тухум оламиз. Бир дона тухум ўртача 250-300 сўмдан сотилади. Ойига олти миллион сўм соф фойда оляпмиз. Бундан ташқари, беданани кўпайтириб сотамиз. Шунинг ортидан икки ўғил бир қизни ҳеч кимдан кам қилмай тарбияладим. Фарзандларимни ўқитдим, ҳаммаси оилали. Намунавий уйлардан олганмиз. Президентимизга фаолиятимиз ҳақида гапириб берганимда жуда хурсанд бўлдилар, тадбиркорликни янада кенгайтириш бўйича кўрсатма бердилар.
Ўткир ака жорий йилда камида эллик оилага беданачиликни йўлга қўйишда ёрдам беришни ният қилган. Сайхунобод тумани ҳокимлиги қафас ясаш ва бошқа ташкилий ишларда кўмаклашадиган бўлди. Бу ишларнинг амалга ошиши яна ўнлаб оилалар фаровонлигига хизмат қилади.
Дарвоқе, Ўткир ака кўп китоб ўқийди, соҳа мутахассислари билан доимо мулоқот қилиб туради. У кишининг айтишича, бедана бир йилда 250-300 дона тухум қўяркан. Тухуми товуқникига нисбатан бир неча баробар фойдали хусусиятларга эга. Калий 5, темир 4,5, В1 ва В2 витаминлари 2,5 баробарга кўп. А витамини, никотин кислотаси, фосфор, мис, лизоцим, кумуш ва бошқа аминокислоталар ҳам анчагина. Оқсил моддаси ҳам бошқа паррандалар тухумига нисбатан юқори.
Бедана тухумини доимий истеъмол қилиш инсоннинг қон босимини меъёрига келтириб, иммунитетни кучайтиради, юрак-қон томир фаолиятини яхшилайди, соч ва тишлар тўкилишининг олдини олади. Бундан ташқари, асаб тизими бузилиши, камқонлик, гипертоник касалликлар, бронхиал астма ва қандли диабетда ҳам фойдали экан.
Яна бир томони, бедананинг тана ҳарорати 40 дан юқори бўлиб, касалликларга чидамли.
... Давлатимиз раҳбари вилоятларга ташрифлари чоғида ҳайҳотдек томорқасига ҳатто бир туп ҳам дарахт экмаган айрим юртдошларимиз ҳақида доимо куйиниб гапирадилар. Ўткир ака сингари тадбиркор одамлар улар учун ҳар томонлама ўрнак. Улар қанча кўпайса, жамиятга шунча фойдали. Бугунги замон шиддати ҳар биримиздан қайси соҳа вакили бўлишдан қатъи назар, ўзгаришни, ана шу шиддатга мос ҳаракат қилишни талаб этяпти. Зеро, доно халқимиз айтганидек, ҳаракатда баракат бор.
Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!