Бечорами ёки фирибгар: Тошкентда дорига пул сўраб юрган аёллар

Бечорами ёки фирибгар: Тошкентда дорига пул сўраб юрган аёллар

Бир неча кун олдин иш билан кўчада юргандим. Тўсатдан иккита аёл мени тўхтатишди.

— Кечирасиз, биз бу ерлик эмасмиз, — деди бири. — Танишим "Беруний" тарафдаги онкологик касалхонада ётибди. Дорига пул керак эди. Пул бериб тура оласизми?

Бундай мазмундаги гапларни кўп эшитганим учун ишонмадим. Аёлларга разм солдим. Пўрим кийинган, пулга муҳтож одамларга ўхшашмайди. "Балки, чиндан ҳам муҳтож бўлиб қолгандир", деган ўйда сўроққа тутдим.

— Қанақа дори? Қанча керак?

— Шу дори-да, — деди ҳалиги аёл яна, — 60 000 керак эди.

— Узр, лекин ёнимда бунча пулим йўқ.

— Майли, ярмими, қанча бўлса ҳам бераверинг.

Менга гапираётган аёлнинг кўзи олма-кесак терарди. Наригиси эса индамай турибди.

— Узр, пулим йўқ, — дедим-у, йўлимда давом этдим.

Кейин ўша аёлларни зимдан кузатдим. Иккаласи қўлтиқлашганча оҳиста гаплашиб кетиб боришарди. 

Яқинларим касалхонага тушиб қолганида, уларга дори-дармон керак бўлганида қандай жонсарак аҳволга тушганимни биламан. Умуман, бундай ҳолларда одамзот ўзини қандай тутиши менга аён. Бояги аёлларнинг хотиржамлиги эса шубҳамга асос бўлди.

Қолаверса, мен улар билан гаплашган жой онкологик касалхонадан анча узоқда эди. Дори излаб юрган одам касалхона атрофидан ишини битиришга уринади, вақт кетказмасликка интилади. Хуллас, улардан шубҳаланиш учун ўзимда етарлича асос топдим. Аммо агар бу борада янглишиб, чиндан ҳам муҳтож аёлларга ёрдам бермаган бўлсам, Яратганнинг ўзи кечирсин. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!