БААда яна 9 нафар Ўзбекистон фуқароси ушланди
Дубайдаги ижара уйидан олиб кетилган фуқаролардан бирининг акаси Kun.uz'га мурожаат қилди.
“БАА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари Дубайдаги виллани ижарага олиб яшаётган 15-20 нафар атрофидаги Ўзбекистон фуқароларини олиб кетишди. Ҳолат 25 ноябр куни содир бўлган. У ерда ижара турганлар орасида менинг укам ҳам бор эди. Улар кўпчилик бўлиб, биргаликда арзонроқ бўлгани учун битта жойда ижара турган. Қолганлари нима иш қилишини билмайман.
Укамда ишчи виза бор, у Дубай аэропортдаги логистика компаниясида қонуний асосда ишлаб келаётган эди. 25 ноябрдан бери укам билан алоқага чиқа олмадик, ота-онам, ҳаммамиз қаттиқ хавотирланяпмиз”, – дейди Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаро.
Мурожаатчига кўра, маҳаллий полиция Ўзбекистон фуқароларининг қўлга олиниши борасида ҳеч кимга, ҳеч қандай изоҳ бермаган. У Дубайдаги Ўзбекистон консулхонасининг Сайфулло исмли ходими билан алоқага чиққан. Консуллик расмийси масалага ойдинлик киритиш мақсадида БАА Ташқи ишлар вазирлигига тегишли нота юборилгани, ҳозирги кунда жавоб кутилаётганини билдирган.
Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Дубайда Ўзбекистон фуқаролари ушланганини тасдиқлади. Муаммони ҳал қилиш устида иш олиб борилмоқда.
“25 ноябрь куни 9 нафар Ўзбекистон фуқароси Дубайда ҳуқуқни мухофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинган. ТИВ ва консуллик бу воқеадан хабардор. Ҳолат юзасидан БАА тегишли идораларига сўров юборганмиз, лекин улардан жавоб келмаяпти. Иш бўйича адвокат ҳам ёлланган”, – деди ТИВ расмийси.
Kun.uz'нинг Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, ҳолат БААда исроиллик раввинни ўлдиришда гумонлаб қўлга олинган Ўзбекистон фуқаролари иши билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли юқори.