Айрим дорихоналарда Quramax компанияси олиб кирган дорилар ҳамон сотилаётгани аниқланди

Айрим дорихоналарда Quramax компанияси олиб кирган дорилар ҳамон сотилаётгани аниқланди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мониторинги натижасида баъзи дорихоналарда тақиқланган дорилар борлиги аниқланган.

2023 йил 26-27 январ кунлари «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан дорихоналарда тақиқланган дори воситаларининг сотилишини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказилган. «Сирли мижоз» кўринишидаги мониторинг Ўзбекистон бўйлаб 308 та дорихонани қамраб олган.

Қайд қилинишича, аксарият дорихоналарда тақиқланган дори воситалари сотувдан олиб қўйилган, бироқ омборларда ҳамон сақланаётгани маълум бўлган.

«Айрим дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сотуви тўхтатилган дори воситалари эркин сотувда борлиги аниқланган. Хусусан, Қашқадарё вилояти (Қарши шаҳри) ва Сурхондарё вилоятининг айрим дорихоналарида (Жарқўрғон туманидаги «Сурхон Марказий», «Дўстлик» маҳаллаларида) Ҳиндистоннинг «Marion Biotech Pvt. Ltd.» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Quramax Medical компанияси томонидан Ўзбекистонга олиб кирилган «Нолгрипп Жуниор» йўталга қарши сиропи, «Травамакс», «Нолгрипп» ва «Цинепар» таблеткалари ва пастилларини ҳали ҳам харид қилиш мумкин. Аҳоли ушбу дори-дармонларни юз берган фожиали ҳолатлар, соғлиқ ва ҳаёт учун эҳтимолий хавфларга қарамай, аввалгидек сотиб олмоқда», дейилади хабарда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати аҳоли орасида, айниқса, чекка қишлоқлар, поликлиникаларда кенг тушунтириш ишларини ўтказиш, тақиқланган дори воситалари рўйхатини барча дорихоналарнинг кўринадиган жойига илиб қўйиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган, лекин омборларда сақланаётган барча дориларни, тадбиркорларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиққан ҳолда, йўқ қилинишини таъминлашни тавсия қилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропини ичиш оқибатида болалар ўлими кузатилган сўнг, айбдорларни аниқлаш, уларни жавобгарликка тортиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилди. Жумладан, бу дорини Ўзбекистонга олиб кирган Quramax Medikal компанияси лицензияси суд тартибида бекор қилинди, яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб ташлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва бошқа дори воситаларини қўшимча текшириш мақсадида 2022 йилда Quramax Medical томонидан олиб кирилган барча дори воситалари сотувини тўхтатди. Булар 36 турдаги дорилар бўлиб, улар ичига «Док-1 Макс», «Нолгрипп» сироплари, «Травамакс» таблеткалари ва эритма учун гранулалари киради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!