Аёллар нега Тошкентда мардикорлик қилмоқда?

Аёллар нега Тошкентда мардикорлик қилмоқда?

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси масъуллари мазкур бозорларда бўлиб, вилоятлардан иш излаб келган 287 нафар хотин-қиз билан учрашди. Мулоқотлар чоғида уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари чуқур ўрганилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати хабар берди.

Ўзаро суҳбатлар чоғида мардикор аёллар жойларда таклиф қилинаётган иш ўринлари учун тўланадиган ойлик маошларининг камлиги, марказий шаҳарларда уларнинг хизматига юқорироқ нарх тўланиши, аксарият ҳолларда турар жойга эҳтиёжларининг баландлиги, тўй қилиш ва уй-жойларини таъмирлатиш, фарзандларининг контракт пулларини тўлашлари, касал яқинларини даволатишлари учун катта маблағ зарурлигини асосий сабаб сифатида келтирган.

Қолаверса, жойлардаги яшаш шароитларидан кўра, пойтахт шароитининг маъқуллиги, ҳудудларда газ ва электр энергиясида узлуксиз узилишларнинг мавжудлигини ҳам айтиб ўтган.

Шунингдек, бу аёллар айрим иш берувчилар ишлатиб, пулини бермасликларини, баъзи ҳолларда зўравонлик ҳолатларига ҳам учраётганликларини маълум қилган.

Мулоқот якунида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аёлларнинг баъзи муаммоларини (масалан, боласига гувоҳнома ёки паспорт олиш, боғча ва мактабга жойлаш, оилавий келишмовчиликларни бартараф этиш ҳамда кредитга уй олиб, тўлолмаётган аёлларни ўз вилоятларида маоши юқорироқ бўлган иш ўринларига жойлаш каби) ҳал этишга кўмаклашди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!