Аёллар билакузугини таққан эркак

Аёллар билакузугини таққан эркак

Андижон вилояти божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара божхона пости ҳамда бошқарманинг Контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний ҳаракатланишига доир навбатдаги ҳуқуқбузарлик фош этилди.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур постнинг чиқиш пиёда йўлаги орқали Қирғизистон Республикасига чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқароси Х.Ё белгиланган тартибда холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилди. Натижада, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, божхона ходимининг оғзаки сўровида ҳам маълум қилинмаган умумий оғирлиги 129,27 граммни ташкил этувчи сариқ рангли металлдан ясалган заргарлик буюмларини божхона назоратидан яширган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлганлиги маълум бўлди.
 
Боз устига қонунбузар 2 жуфт аёллар билакузугини ўнг ва чап билагига устма-уст ҳолатда тақиб олганлиги ҳам нафс қутқуси бу фуқаронинг кўзини кўр қилиб қўйганини англатади.
 
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг хулосасига кўра, ушбу аёллар тақинчоқлари тилла буюмлари деб топилиб, уларнинг умумий қиймати 25 миллион 854 минг сўмни ташкил қилди.
 
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда
Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!