Айнан кимлар 15 суткага қамалади?

Айнан кимлар 15 суткага қамалади?

Халқ орасида кимнидир “15 сутка”га қамалибди деган гапларни кўп учратамиз. Хўш, суткада ҳисобланадиган, одамлар орасида ўзига хос ҳиссиёт ҳамда қўрқув билан айтиладиган ушбу жазо кимларга ва нима учун тайинланади?

Энг аввало, шуни қайд этиш лозимки, “15 сутка” бу маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор деб топилган шахсга нисбатан тайинланадиган маъмурий қамоққа олиш жазосидир.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

Ўзбекистонда содир этилган қилмишнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик эканини ва жавобгарликка ёки жазога сазоворлиги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинади.

Маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Жазо тайинлашдан мақсад фақат ҳуқуқбузарни жазолаш эмас, балки мазкур жазо тайинлаш орқали уни ўзи томонидан ва бошқа шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш ҳамдир.

Бизнинг қонунчилик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ҳамда чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун юқорида қайд этилган олтита жазодан бошқасини тайинлаш мумкин эмас.

Маъмурий қамоққа олиш жазоси уч суткадан ўн беш суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун — ўттиз суткагача муддатга қўлланилади. Маъмурий қамоққа олиш туман (шаҳар) маъмурий суди томонидан, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, шунингдек ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан белгиланиши мумкин.

Шу ўринда ушбу жазо турини тайинлашни ўзига хос жиҳатларини таҳлил қилиб ўтсак. Маъмурий қамоққа олиш жазоси қонунчиликка кўра фақатгина маъмурий судлар томонидан тайинланиши мумкин. Фавқулодда ҳолат шароитида бошқа мансабдор шахслар томонидан тайинланиши ҳам мумкин.

Маъмурий қамоққа олиш жазоси фақатгина Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиши мумкин. Яъни, содир этилган қилмишни маъмурий ҳуқуқбузарлик эканлигини ифодаловчи модданинг санкция қисмида маъмурий қамоққа олиш жазо чораси назарда тутилган бўлсагина ушбу жазони қўллашга қонун йўл беради.

Мазкур жазо аслида фавқулодда жазо чораси бўлиб, асосан оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ва ижтимоий хавфи юқори бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун тайинланиши зарур бўлади. Судья жазо тайинлашда содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусиятини, ҳуқуқбузарнинг шахсини, унинг айбдорлик даражасини, мулкий аҳволини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олади. Шу ҳолатларни ўрганиб, шахсга содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланмасдан уни тарбиялаб бўлмайди деган асосли хулосага келганидагина судья, унга нисбатан ушбу жазони қўллаши лозим бўлади.

Шунингдек, қонунда маъмурий қамоққа олиш чорасини ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Суд томонидан мазкур шахсларга нисбатан маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланган тақдирда эса, мазкур қарор бекор қилинади.

Албатта, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилишини қайд этиш, суриштирув ишларини олиб бориш ва маъмурий ишни юритишга масъул бўлган давлат органлари (мансабдор шахслари) томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий иш юритилганда, уларни ҳаракатларини маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши мумкин бўлган модда билан малакалаш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу ҳолат одамлар орасида “заказ” иш сифатида эътироф этилиб келиши ҳам сир эмас. Бу каби амалиёт муқаддам айрим жиноятлар очилмай турганида гумонда бўлган шахсларни гўёки майда безорилик содир этганлиги саҳналаштирилиб, суддан маъмурий қамоққа олиш жазосини олишга эришишга бўлган ҳаракатларда кузатиб келганмиз. Бу ҳолатда судлар фақатгина қонунга асосланган ҳолда, бир инсон тақдирини ҳал қилаётганини унутмасдан ва ҳар қандай таъсирларга эътибор қаратмай қарор қабул қилиши ва маъмурий ишларни юритишга масъул бўлган мансабдор шасхлар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларга юзасидан тегишли тартибда танқидий муносабат билдириб қолиши лозим бўлади.

  Судлар томонидан юқорида қайд этилган барча мезонлар ва ҳолатларга эътибор қаратган ҳолда ишларни ҳал қилиниши халқ орасида “15 сутка” дея номланадиган ушбу жазо турини ҳақиқатдан адолат тарозисида тортилган ҳолда тайинланишини таъминлаб беради.

Ў.Пўлатов, Фарғона вилоят маъмурий суди судьяси 

 А.Акрамов, Тошлоқ туман маъмурий судининг раиси 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!