Айбига иқрор бўлмаган ва ашёвий далил билан ушланмаган 33 ёшли ички ишлар ходими, подполковник “ноҳақ” қамоққа олинди

Айбига иқрор бўлмаган ва ашёвий далил билан ушланмаган 33 ёшли ички ишлар ходими, подполковник “ноҳақ” қамоққа олинди

UzNews.uz нашрига сурхондарёлик подполковник йигитнинг яқинлари, ноҳақлик бўлаётгани ва бу ҳолат юзасидан журналистик суриштирув олиб боришимиз ҳамда асл воқеиликни юзага чиқишида ёрдам беришимиз сўраб мурожаат қилишди.

Подполковник Элдор Абдимуратов ва унга боғлиқ бўлган жиноий ишга доир ҳужжатлар бизга тақдим қилинганида, биринчи навбатда бу йигитнинг барвақт подполковник унвони олгани-ю, қилган ишлари қизиқтириб қўйди. Айни Элдор Абдимуратовга нисбатан тадбир ўтказилган куни ҳам у бир жиноятни иссиқ изидан фош қилган, Қизириқ туманида содир этилган қотиллиқ, у олган оператив маълумот сабаб фош бўлган... Шу туфайли бўлса керак у билан боғлиқ вазиятни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Абдимуратов Элдор Кучкарович 1984 йил 17 сентябрда Жарқўрғон туманида туғилган, миллати ўзбек маълумоти олий, 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясини тамомлаган. Оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. Муқаддам судланмаган, 2017 йил 28 октябрдан бошлаб Сурхондарё вилояти ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси тоғли ҳудудлардаги тезкор бўлинмалар Қўмқўрғон тоғли ҳудуддаги тезкор бўлинма бошлиғи лавозимида ишлаган. 2018 йил 1 апрелдан буён қамоқда сақланмоқда.

Элдор Абдимуратов 2013 йил 4 апрелдан 2017 йил октябрига қадар Сурхондарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси коррупция, товламачилик ва рекэтга қарши курашиш катта тезкор вакили бўлиб ишлаган.

Бугун у қамоқда сақланмоқда. Сабаби, Тошкент вилояти Қибрай тумани суди адолатсиз ҳукм чиқариб, уни бир неча моддаларда айбдор деб топган.

Элдорнинг адвокатлари ва яқинлари эса мутлоқо бошқа фикрда ва улар суд қатор ҳолатларни эътиборга олмаган дейишмоқда. Таҳририятимизда ҳам Элдорнинг иши бўйича бир қатор далиллар мавжуд бўлиб, биз бу далилларни албатта навбатма-навбат эътиборингизга тақдим этамиз.

Ҳозир эса, воқеанинг бошланиши ҳақида...

Ҳаммаси Элдорнинг тезкор маълумот ортидан боргани ва аниқланган жиноят ортидан кўплаб жиноятларнинг очилиб кетилишидан қўрқишларидан бошланди десак хато бўлмайди, АСЛО!
Элдор том маънода жуда зўр тезкор ходим бўлган, буни унинг подполковник унвони ҳам исботлаб турибди. Жиноятларни очишда ўзига хос профессионал ОПЕР бўлган.

Ўзининг синфдош дўстидан олган тезкор маълумоти ортидан фош қилиш операциясини бошлаган Элдор Абдимуратов қопқон га туширилди.

Ноқонуний фаолият кўрсатаётган пахта цехи ортидан Ангор пахта тозалаш заводидаги жиноий ишларни фош қилиш ҳаракатида бўлган Элдор Абдимуратов ҳали олдинда унга нисбатан уюштириладиган ишларни мутлоқо тасаввур ҳам қила олмасди.

Пахта тозалаш цехи борасида фактлар ўз исботини топди ва Элдор бу ишда ҳам ғалаба қозонди, аммо бу иш унинг ўзини ҳам ўз домига тортиб кетди.

Синфдош дўстидан олган тезкор маълумот сабаб иш бошлаган Элдор, якунда синфдоши унга панд бериши мумкинлигини ўйламаган ҳам эди. Дўсти пахта тозалаш цехи эгасига таниш бўлгани сабабли ҳам улар синфдоши орқали Элдорни сотиб олишга уринишди, лекин Элдор ҳалол меҳнат қиладиган инсон бўлгани учун бунга мутлоқо рози бўлмади, лекин барибир бу иш унинг бўйнига осилди .

Элдор Абдимуратовнинг иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб борган Прокуратура уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси 2-қисми б банди, 168-моддаси 3-қисми в банди, 206-моддаси 1-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисми ва 219-моддаси 2-қисми билан айбдор деб эълон қилди.

Воқеа ҳақида бугунги материалимизда қисқача тушунтириш бериб ўтамиз.

2018 йилнинг 5 март куни Элдор синфдоши Акбар Ҳазратқуловдан олган тезкор маълумот асосида Зуҳриддин Хўжаниёзовга тегишли ноқонуний фаолият юритган пахта ва жун тозалаш ҳамда титиш цехида МИБ, ДСИ, ИИБ, Электр таъминоти ходимларидан иборат гуруҳ ёрдамида текшириш ўтказади. Текширишда аниқланган қатор камчиликлар орқали ДСИ иш бошлайди ва бу ерда пахта маҳсулотлари вақтинча олиб кетилади.

З. Хўжаниёзов эса Акбар Ҳазратқулов ва Элдор Абдимуратовнинг синфдош эканлигини билиб қолиб, ишни ҳал қилиб беришларини илтимос қила бошлайди. Акбарни эса шу жойида шайтон йўлдан уради ва Элдорга бу ҳақда бирон нарса демасдан, Зуҳриддин томонидан таклиф қилинаётган 5 минг АҚШ долларини олишга қизиқади.

Бундан мутлоқо бехабар Элдор эса қопқон га тушди, лекин қўлга тушмади. Ўз дўсти томонидан Элдорга пичоқ урилди . Прокуратура ва Департамент ходимлари гарчи ашёвий далил билан Элдорни қўлга тушира олмаган бўлсалар-да, якунда уни айбдор қилишди.

Айблов учун асосий сабабчилардан бири бўлган синфдоши фирибгарлик йўли билан Элдорнинг номини сотиб , Элдор айтмаган гапларни айтди деб 4 минг АҚШ доллари олганини тан олди. Аммо, гап Элдор ҳақида кетганда тергов жараёнида (Прокуратура тергов ўтказган) Акбар Ҳазратқулов қуйидагиларни маълум қилган ва бу гаплар айблов хулосасидан ҳам ўрин олган.

-... 2 нафар ходимлар оёқ ва қўлларимга уриб-тепишиб, Сурхондарё вилоят ИИБ ходими Элдорга кўрсатма берасан, бўлмаса 15 йилга қамаласан, уканг ишидан ҳайдалади, онанг юрак хуружи олади, хотинг енгил табиат бўлиб кетади, фарзандларинг кўчада қолади деб қўрқитиб уришди ва мен шундан сўнг Элдорга кўрсатма беришга рози бўлдим.

Ички ишлар ходими, подполковник Элдор Абдимуратов эса терговда қуйидагиларни маълум қилган.

-Сурхондарё вилоят прокуратураси Коррупция ходимлари айбсиз одамларни жавобгар қилганлиги, айбли одамларни қўйиб юборганлигини гувоҳи бўлганман, исботим бор. Кейинроқ билсам Коррупция бўлими ходимлари Аҳмад, Шавкат ва бошқаларнинг ноқонуний топшириқларини бажармаганлигим, уларга қарши чиқиб бўйсунмаганлигим учун атайлаб менга нисбатан тадбир ўтказилганини тушундим. Бир нечта асос ва далилларим бор. Тергов ҳаракатлари бир ёқлама олиб борилиб, ҳужжатлар сохталаштирилмоқда.

Тошкент вилояти Қибрай туман Жиноий ишлар бўйича суд ҳукмидаги қуйидагиларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Судланувчи Э. Абдимуратовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми в банди билан нотўғри квалификация қилинган, шунингдек, Э. Абдимуратовнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан ортиқча квалификация қилинган, унинг айбловидан ЖКнинг 219-моддасини чиқаришни суд лозим топди, - дейилган.

Гувоҳи бўлганингиздек, Тергов бошқа фикрда, Суд бошқа фикрда.

Биз бу иш юзасидан адолат қарор топиши йўлида ўрганишимизни давом эттирамиз. Кейинги материалимиз орқали Элдорни ашёвий далил билан ушлаш тадбири ва унинг амалга ошира олишмагани, дастлаки терговдаги Элдорнинг дадил кўрсатмалари ва унинг қилган ишлари ҳақида батафсил маълумот берамиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!