Атроф муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган ташкилот фаолияти суд қарорига асосан вақтинча тўхтатилди

Атроф муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган ташкилот фаолияти суд қарорига асосан вақтинча тўхтатилди

 «G.S.» хусусий корхонаси Сергели тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби жисмоний соғломлаштириш мажмуаси ҳудудида атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи, хусусан сувоқава нормаларига зид равишда  автомобилларни ювиш фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланган.
 Шундан сўнг, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Тошкент туманлараро иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил                           5 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 29-сонли қарорининг 1-иловаси, 22-банди, 10-қисмига кўра, атроф муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш тўғрисида, шунингдек атроф муҳитга, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги сабабли «G.S.» хусусий корхонасининг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туришни сўраган.
 Ўзбекистон Республикаси “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунинг 13-моддасига мувофик, атмосферага ифлослантирувчи моддалар, биологик организмлар чиқариш, унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатишнинг белгиланган шарт ва талабларини бузиш билан боғлиқ фаолият маҳаллий давлат ҳокимияти, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Соғликни сақлаш вазирлиги органлари томонидан қабул қилинган қарор билан чекланиши, тўхтатиб қўйилиши, зарарли таъсир кўрсатиш сабаблари бартараф этиш мумкин бўлмаган тақдирда эса, тугатилиши мумкин. 
 “Табиатни  муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси  Қонунининг 15-моддасига мувофиқ, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар атроф-муҳитга таъсирнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган энг юқори даражаларини тартибга солувчи экологик ва бошқа йўсиндаги мезонларни ишлаб чиқишлари шарт.
 Шунингдек, мазкур қонуннинг 24-моддасида давлат экологик экспертизаси хўжалик қарори қабул қилинишидан олдин ўтказилиши шарт бўлган атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш тадбири эканлиги ҳамда давлат экология экспертизаси Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда ўтказилиши кўрсатилган.
 Конуннинг 25-моддасига мувофиқ давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасисиз лойиҳаларни руёбга чиқариш ман этилиши кўрсатилган.
 Суд томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тақдим этилган далиллар асосида ўрганиб чиқилди ва «G.S.» хусусий корхонаси фаолияти юзасидан давлат экологик экспертизаси хулосаси олинмаганлиги ва сувоқава нормаларига зид равишда автомобилларни ювиш фаолияти билан шуғулланаётганлиги сабабли 2020 йил 3 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилди ҳамда «G.S.» хусусий корхонасининг фаолияти экологик экспертиза хулосасини олгунига қадар тўхтатиб қўйиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.
 
 Н.Хамидов
 Тошкент туманлараро 
 иқтисодий судининг судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!