Атом электр станцияси қурилиши ва атомчилар шаҳарчаси лойиҳаси кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станцияси ҳамда унга ёндош замонавий шаҳарча барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.
Атом энергетикасини ривожлантириш мамлакатимиз энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, барқарор базавий электр генерациясини яратиш ва энергия манбаларини диверсификация қилишда стратегик аҳамиятга эга.
Интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳаси жорий йил 4 июндан қурилишнинг фаол босқичига ўтди. Бугунги кунга қадар реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ қазиб олинди. Пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилди. Қурилиш-монтаж базасидаги 100 гектар майдонда ер ишлари бажарилди.
Айни пайтда қурилиш майдонида 450 нафар ишчи ва мутахассис, 100 дан зиёд махсус техника фаолият юритмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Жараёнда 3 мингга яқин турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард долларни ташкил этади. Давлатимиз раҳбари бу кўрсаткич етарли эмаслигини таъкидлади.
Лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар томонидан бажариш ҳамда 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб этиш вазифаси қўйилди.
Шу мақсадда Фориш туманида 200 гектар майдонда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинди. Унда камида 100 та қўшма корхонани жойлаштириш ва технологиялар трансфери орқали 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.
Президентимиз ушбу таклифни маъқуллаб, саноат зонаси иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзларини татбиқ этиш бўйича қарор лойиҳасини йил якунига қадар киритишни топширди.
Бунда қурилиш сифати ва хавфсизлиги энг устувор масала бўлиши шартлиги, барча ишлар МАГАТЭ талаблари ва халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқ амалга оширилиши таъкидланди.
Тақдимотда жорий йил 22-26 июнь кунлари МАГАТЭнинг комплекс баҳолаш миссияси ўтказилиб, Ўзбекистон миллий ядровий