Атмосферага зарар етказаётган иссиқхоналарга чора кўрилмоқда

Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Тошкент туманлари, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Бектемир, Олмазор туманларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши даражасини камайтириш ва ифлослантирувчи газларнинг белгиланган меъёрдан ортиб кетиши сабаблари, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилиши ҳолатларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларга нисбатан чора кўриш мақсадида ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорати инспексияси, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Экология бошқармалари, Фавқулодда вазиятлар бўлимлари, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилди.
Ўрганиш давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти билан чегарадош бўлган Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб 9 та нуқтадан ҳавонинг ифлосланиши бўйича кўчма лаборатория орқали ТҲАЙДА Эшонгузар аҳоли яшаш пунктидан Тошкент Педиатрия тиббиёт институтигача бўлган ҳудудида ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинди. Натижада ПМ-2.5, 10 ифлослантирувчи моддалар миқдори 0,05 мгдан 540 мггача ортиб кетганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан Давлат экологик назорати инспексияси ҳамда ҳудудий бўлинмалар томонидан ўтказилган мониторингда жами 486 та иссиқхоналарда ўрганиш, тушунтириш ва профилактика тадбирлари олиб борилди. Ўз навбагида иссиқхоналарнинг 440 таси фаолият юритаётганлиги, 46 та иссиқхона (Зангиота туманида 16 та, Қибрай туманида 10 та, Тошкент туманида 4 та, Юнусобод туманида 11 та, М.Улуғбек туманида 5 та) мавсумий бўлганлиги, яъни қозонхонаси йўқлиги сабабли иш фаолиятида эмаслиги аниқланди.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги
2020 йил 7 сентябрьдаги 541-сонли қарорига кўра, иссиқхоналар табиий газ, кўмир ва бошқа ёнилғи турларида ишловчи атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб корхоналар ҳисобланади.
Ўрганишлар давомида дудбурондан фойдаланиш қоидаларини бузган жами 37 та иссиқхона эгаларига маъмурий жарималар қўлланилди, 46 та иссиқхона фаолияти тўхтатилди, 426 та иссиқхона эгалари экологик талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, резина қолдиқлари ва бошқа чиқиндилардан ёқилғи сифатида фойдаланмаслик юзасидан огоҳлантирилди.
Назорат тадбирлари давом этмоқда.