Ашхободда тиббий ниқоблар нархи 14 баравар ошди

Ашхободда тиббий ниқоблар нархи 14 баравар ошди

Сўнгги кунларда Туркманистон пойтахти Ашхободда тиббий ниқобларга талаб ошди, шу сабабли уларнинг нархи ҳафта давомида 14 бараварга ошди, деб хабар бермоқда Turkmen.news.

Бир ҳафта аввал ниқобларнинг бештаси 2,5 манат (расмий курс бўйича 0,7 доллар, «қора бозор» курси бўйича 0,1 доллар)дан сотилган бўлса, чоршанба, 8 июлдан бошлаб биргина ниқобнинг нархи 7 манат (мос равишда 2 ва 3 доллар)ни ташкил этган.

Нашрнинг ёзишича, шу ҳафтада пойтахтда йўл ҳаракати полицияси ва пост ходимлари, шунингдек, жамоат транспорти ходимлари ниқоблар тақишни бошлади.

7 июль куни давлатга қарашли «Нейтрал Туркманистон» газетаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳавода чанг ва зарарли моддаларнинг кўпайгани сабабли хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишчилар ниқоб тақишлари кераклиги ҳақидаги хабарини эълон қилган.

Сўнгги кунларда мамлакатда санитария тадбирларини ўтказиш фаоллашмоқда. Жамоат жойлари ва транспорт воситалари дезинфекция қилинмоқда. Ашхободда концертлар ва мода намойишлари, болалар тўгараклари тўхтатилган.

Шундай шароитлар фонида президент Гурбангули Бегдимуҳамедов Соғлиқни сақлаш вазирлигига антивирус препаратларини сотиб олиш бўйича Россия дори-дармон ишлаб чиқарувчилари билан шартнома имзолашга рухсат берувчи фармонни имзолаган.

Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият тушунарсизлигича қолмоқда. Яширин суҳбатларда шифокорлар мамлакатда вирус борлигини, қолаверса у «жуда кўп»лигини тан олмоқда. 

Хусусан, 8 июль куни Туркия элчихонаси маслаҳатчиси ушбу касалликдан вафот этган. Туркманистон ТИВ 7 июль куни эълон қилган пресс-релизида коронавирус Марказий Осиё мамлакатларида ҳавода узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин бўлган майда аэрозол томчилари орқали тарқалган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Туркманистондаги кузатувчилар вазият назоратдан чиққанлиги, энди коронавирус борлигини ва унинг оқибатларини яширишнинг имкони йўқ деб ҳисобламоқда. Туркманистон ТИВ бундай баёнот билан COVID-19 борлигини тан олиш учун йўл очмоқда. Бироқ коронавирус тарқалишининг асл даражаси, қурбонлар сонини катта эҳтимол билан ошкор этишмайди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун 6 июлдан буён Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти миссияси бўлиб турибди. У инфекция тарқалиши хавфини баҳолаш учун Туркманистон касалхоналари ва лабораторияларига ташриф буюриши лозим. Мамлакатга мутахассисларнинг кириб келиши билан деярли бир вақтда Туркманистон президенти ва ҳукумати таътилга чиқиб кетган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!