Арзон уйлар муҳтожларга берилмаяпти, пулланяпти! “Асакабанк” ходими пора олаётган маҳал қўлга тушди

Арзон уйлар муҳтожларга берилмаяпти, пулланяпти! “Асакабанк” ходими пора олаётган маҳал қўлга тушди

Хоразмда фуқарога арзон кўп қаватли уйдан бириктирилган 1 хонали квартирани 3 хоналисига алмаштириб беришни ваъда қилган “Асакабанк” ходимининг товламачилиги фош этилди.
 
Гап шундаки, “Асакабанк”нинг вилоят филиали кредит бўлими мутахассиси, бевосита кўп қаватли уйлардаги квартираларни бириктириш бўйича Урганч шаҳар ҳудудий комиссия аъзоси бўлган Б.Жуманиязов, комиссия аъзолари бўлган У.Ражапов ва В.Каримовлар билан олдиндан тил бириктирган. Улар ҳокимликдаги танишлари орқали уйга муҳтож фуқаро сифатида МИБ Урганч туман бўлими давлат инспектори Х.Отажоновга арзон кўп қаватли уйдан бириктирилган 1 хонали квартирани 3 хоналисига алмаштириб бермоқчи бўлишган.
 
Албатта, текинга эмас. Бунинг учун улар 3 миллион сўм сўрашган. Ана шу пулни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси, прокуратура ва МИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази хабар берди.
 
Айни пайтда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Qalampir.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!