Арзон уй-жойлар қурилишида қандай муаммоларга дуч келинмоқда?

Арзон уй-жойлар қурилишида қандай муаммоларга дуч келинмоқда?

Сўнгги икки йилда юртдошларимизнинг кўпи уй-жойли, таъбир жоиз бўлса, кичик ватанли бўлди. Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 53 мингдан зиёд арзон уй-жойлар ва квартиралар қурилди. Шу орқали тураржой шароитларини яхшилашга муҳтож 65 мингта оила уй билан таъминланди.

Аммо бунёдкорлик соҳасида тажриба ортгани сари арзон уй-жойлар қурилишида ҳам ўзига хос муаммолар пайдо бўлмоқда. Президентимизнинг “Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида йўл қўйилган камчиликлардан хулоса ­чиқариб ишлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Биринчи масала уй-жойлар қураман, деб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланиш ҳолатлари билан боғлиқ. Шу йилнинг ўзида туман ҳокимликлари томонидан ажратилган 1065 гектар ернинг 60 гектарга яқини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига кирган. Камчиликнинг яна бири — энергия самарадор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон қурилиш материалларидан фойдаланмаслик бўлса, бошқаси — муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва уй-жойлар қурилишида ўзаро уйғунлик таъминланмаётганида.

Оқибатда миллиардлаб пуллар ортиқча сарфланмоқда. Шу йилнинг ўзида коммуникация мақсадларига 500 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган. Шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларини бузиш, қурилиш-монтаж ишларининг сифатсиз бажарилиши, лойиҳадан четга чиқиш ҳолатлари ҳам муаммолар қаторидан жой олган.

— Аҳоли талаблари, қолаверса, газ, электр энергияси, канализация, сув ва бошқа коммуникация тармоқларини олиб бориш имкониятлари ўрганилмасдан ер участкаларининг танланиши ва ўша ерда уйларни қуриш қатор муаммоларни юзага келтирмоқда, — дейди “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖ бош директори ­Илҳом Аҳмедов.

Камчиликларни бартараф этиш келажакда устуворлик касб этар экан, савол туғилади. Хўш, энди ишлар қай тариқа ташкил этилади? Умуман, соҳада қандай ўзгариш бўлади?

Аввало, уй-жойлар ҳудудий оптимал жойлаштирилади ҳамда улар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларига кирмайдиган участкаларда қурилади. Бундан ташқари, бу тоифадаги уйларни қуришда муҳандислик-транспорт коммуникация­лари ва инфратузилма объект­лари “Обод қишлоқ” дастури билан ўзаро уйғунликда ташкил этилади. Бу эса муҳандислик тармоқларига сарфланадиган харажатлар ва уй-жойлар нархларини арзонлаштиришда қўл келади.

Қарор билан 2019-2020 йилларда қишлоқ жойларда ва ­фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун арзон уй-жойлар қурилиши, шунингдек, тураржой массивларида ташқи муҳандислик тармоқлари, иншоотлари ҳамда транспорт коммуникациялари қурилиши бўйича йиғма кўрсаткичлар тасдиқланди. Унга кўра, 2019 йилда 15010 та арзон уй-жой ва квартиралар қурилиши ­режалаштирилган. Уларнинг 11 минг 70 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун, 658 таси алоҳида намуна кўр­сатаётган ёш оилаларга, 1272 таси оғир ижтимоий ва­зиятга тушиб қолган аёллар учун мўлжалланган. Шунингдек, ­Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда ички ишлар органлари ­ходимлари учун ҳам 2010 та ­квартира бунёд этилади.

— Бошланғич бадал уй-жой умумий нархининг 10 фоизи, ҳарбийлар учун эса бу 25 фоиз этиб белгиланган, — дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ бўлим бошлиғи Аброр Акбаров. — ­Тураржойлар 20 йилга ва имтиёзли кредитлар асосида берилади. Бу фуқаролар учун янада кўпроқ қулайлик, дегани.

Қарорда белгиланганидек, бундан буён арзон уй-жойлар, ­ташқи муҳандислик тармоқлари, иншоотлари ҳамда транспорт коммуникациялари қурилишининг келгуси йиллар учун асосий параметрлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили 1 июнга қадар, “Обод қишлоқ” дастури билан ўзаро боғланган ҳолда тасдиқланади.

Дарвоқе, ичимлик суви, канализация, иссиқлик, электр, газ таъминоти иншоотлари ва тармоқлари ҳамда йўллар қурилиши марказлаштирилган манбалар, халқаро молия институтлари маблағлари, шунингдек, “Ўзбекэнерго” АЖ ҳамда “Ўзтрансгаз” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Энди муҳандислик-транспорт коммуникацияларига уланмаган, узлуксиз электр ва сув таъминоти йўлга қўйилмаган арзон уй-жойлар фойдаланишга қабул қилинмайди.

Яна бир муҳим масала. Янги қурилаётган уй-жойлар арзон экан, деб уларнинг сифатини сираям кейинги ўринга қўйиб бўлмайди. Биргина рақам, жорий йилнинг 9 ойи давомида 3351 ҳолатда сифатсиз ишлар аниқланиб, бажарилган ишлар ҳажмидан 5,1 миллиард сўм ­ушлаб қолинган. Чунки у иморатлардаги сифат сарфланган ­пулни оқламаган.

Эндиликда арзон уй-жойлар қурилишига харидор бўлган одам Интернет тармоғида реал вақт режимида бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг ҳажмлари, жумладан, объектларнинг фотосуратлари ва видеоёзувлари, объектлар қурилишида иштирок этаётган пудратчилар, қурилиши тугалланган объектларда ўтказилган назорат тартибида ўлчаш натижалари, қурилишни молиялаштиришнинг бориши, яъни қайси қурилишга қанча маблағ ажратилгани тўғрисида маълумот олиши мумкин.

Президентимизнинг мазкур қарори арзон уй-жойлар қурилиши сифатини янада ошириб, унинг нархини пасайтириш, одамларни уйли қилиш, умуман, халқ розилигига эришишда муҳим ­дастуриламалдир.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил 
мультимедиа маркази материаллари асосида
Раҳим ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.

Manba: xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!