Артикходжаев Юнусобод "райгаз" раҳбарини мажлис залидан нега қувиб юборди?

Артикходжаев Юнусобод "райгаз" раҳбарини мажлис залидан нега қувиб юборди?
Ўзбекистон пойтахтидаги "Халқлар дўстлиги" саройида ўтказилган фуқаролар ҳаёти хавфсизлигини таъминлашга қаратилган катта йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев Юнусобод тумани газ таъминоти корхонаси раҳбарини ишдан олди ва мажлис залидан қувиб юборди, деб хабар бермоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.

Юнусобод "райгаз" раҳбарининг ишдан олиниши 1-ноябр куни Юнусобод туманида юз берган ҳодиса - уч кишининг газ исидан заҳарланиши ва вафот этиши билан боғлиқ. Маълум бўлишича, уч нафар фуқаро Тошкентда ишлаётган ёлланма ишчилар бўлган ва улар табиий газдан исиниш мақсадида фойдаланишган.

Артикходжаев йиғилиш давомида Ўзбекистон пойтахтида сўнги вақтларда юз берган қатор кўнгилсиз ҳодисалар: овқатдан ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари биринчи даражадаги раҳбарларни ҳам қаттиқ ўйлантираётгани ва улар бу масалаларга аниқ жавоб ва чоралар кўрилиши талабини қўйишганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар газ таъминоти раҳбари ўз ҳисоботида Юнусободдаги ёлланма ишчиларнинг ўлимига табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик сабаб бўлганини айтиб ўтилган бўлсада, Тошкент ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев янги қурилган уйлардаги (Юнусобод ва Чилонзордаги ҳодисалар янги қурилган уйларда юз берган) иситиш қозонининг газ чиқиб кетадиган қисмига пластмасса (канализацияга ўрнатиладиган) труба ўрнатилган деган фактга эътибор қаратди.

Газ таъминоти ходимлари бундай ҳолат хавфли эканлиги ва фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлишини тасдиқладилар. Юнусободда арзон уй-жой қуриш билан шуғулланадиган тадбиркор томонидан қурилган барча турар-жойларда ҳудди шундай ҳолат қайд этилгани айтиб ўтилди.

Артикходжаев шундан сўнг, уй қуришга рухсат берадиган корхоналар раҳбарларини "қурилишда ўзбошимчаликка йўл қўядиган, ёнғин ва газ, архитектура ва бошқа талаб этиладиган нормаларга амал қилинмаган уйларнинг барчаси бузилиши" ҳақида огоҳлантирди ва бундай уйларга "SOS-уйлар", деб баҳо берилишини қўшимча қилди.

Тошкент ҳокими йиғилишда иштирок этаётган Тошкент туманлари ҳокимларини жиддий огоҳлантирди. Газ ўрнатиш лойиҳасига рухсат берган Юнусобод газ таъминоти корхонаси раҳбарига мажлиснинг ўзидаёқ у ишдан бўшатилгани айтилди ва ҳоким илтимосига биноан у йиғилиш залини тарк этди. Ишдан бўшатилган раҳбар бундан буёғига газ соҳасига яқинлаштирилмаслиги маълум қилинди.

Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудларида табиий газдан нотўғри фойдаланиш оқибатида охирги 2 йилда фавқулодда ҳодисалар содир бўлиши даражаси ортган. Икки йиллик таҳлилларга кўра, ис гази билан заҳарланиш ва газдан чақнаш билан боғлиқ 21 та фавқулодда вазиятлар қайд этилган, бунинг оқибатида 20 нафар фуқаро жабрланган, 48 нафари вафот этган, шулардан 18тасини ёш болалар ташкил этган.

Manba: sputniknews-uz.com

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!