Арманистон парламенти хориждан овоз беришни тақиқлади
Арманистон парламенти мамлакат ташқарисида яшаётган фуқароларнинг сайловларда иштирок этишини тақиқловчи қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилди. Тегишли ўзгартишлар мамлакатнинг Сайлов кодексига киритилади.
Янги қоидаларга кўра, парламент сайловлари ва референдумларда фақат сўнгги 730 куннинг камида 366 куни давомида Арманистонда доимий яшаган фуқаролар иштирок этиши мумкин. Бу талаб навбатдаги сайловлардан 48 кун, муддатидан олдинги сайловлардан эса 28 кун аввал бажарилган бўлиши шарт.
Қонунга киритилган ўзгартишларни Бош вазир Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси қўллаб-қувватлади. Ҳокимият вакилларига кўра, доимий равишда хорижда яшаётган фуқаролар кўпинча мамлакатдаги ички сиёсий вазиятдан етарлича хабардор бўлмайди ёки бошқа давлатлар сиёсий таъсирига тушиши мумкин.
Мухолифатдаги «Арманистон» партияси эса ушбу ўзгартишлар юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилишини маълум қилди.
Парламентдаги овоз беришдан олдин ҳам мазкур масала кенг муҳокама қилинган эди. Арманистон Марказий сайлов комиссияси матбуот котиби Седа Ғукасяннинг таъкидлашича, мамлакат фуқаролари фақат Арманистон ҳудудида жисмонан бўлган тақдирдагина овоз бериши мумкин.
Шу билан бирга, айрим тоифадаги фуқаролар учун истиснолар сақлаб қолинган. Улар қаторига Арманистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари, хизмат сафарида бўлган ҳарбийлар, хорижда таҳсил олаётган ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари киради.
14 июнь куни Марказий сайлов комиссияси амалдаги бош вазир Никол Пашинян раҳбарлигидаги «Фуқаролик шартномаси» партиясини сайлов ғолиби деб эълон қилган эди. Расмий маълумотларга кўра, сайловда қатнашиш даражаси 58,97 фоизни ташкил этган ва овоз беришда 1,4 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этган. Мухолифат эса натижаларни қонуний эмас деб ҳисоблаб, овозларни қайта санашни талаб қилмоқда.
