Арманистон Мудофаа вазирлиги армия сиёсатдан ташқарида эканини маълум қилди

Арманистон Мудофаа вазирлиги армия сиёсатдан ташқарида эканини маълум қилди

Арманистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ҳарбийларни мамлакатда содир бўлаётган сиёсий жараёнларга аралаштирмасликни талаб қилди. Бу ҳақда муассаса матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Биз Қуролли Кучлар номидан баёнот беришдан тийилишни, армияни сиёсий жараёнларга жалб этмасликни, мамлакат хавфсизлигини шахсий сиёсий манфаатларга бўйсундирмасликни талаб қиламиз», — дейилади хабарда.

Идорада таъкидлашларича, Арманистон Мудофаа вазирлиги ва Қуролли Кучлари «сиёсатдан ташқарида» ҳамда мудофаа соҳасини ислоҳ қилишга ва модернизация қилишга йўналтирилган чора-тадбирларни давом эттириш ниятида.

Матбуот хизматида қайд этишларича, Қуролли Кучлар мамлакат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз вазифаларини тўлиқ масъулият билан бажармоқда ва сиёсий жараёнларга қарамай, ўз ишини давом эттирмоқда.

Еревандаги норозилик намойишлари бир неча кунлардан буён давом этмоқда. Улар мухолифат вакиллари томонидан ташкил қилинган бўлиб, бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда.

23 февраль куни Арманистон бош вазири 1in.am каналига берган интервьюсида 2020 йилнинг кузида Тоғли Қорабоғдаги можаро пайтида Ереван қўллаган «Искандер» ракеталари «портламаган ёки 10 фоиз қисмигина портлаган»ини айтган. Yerevan Today нашри журналистлари Арманистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари Тиран Хачатряндан ушбу баёнотга изоҳ беришни сўраганида, у узоқ кулган ва «бўлиши мумкин эмас» деб жавоб берган. Шундан кейин у Никол Пашиняннинг таклифига биноан ишдан бўшатилган.

Бу воқеадан кейин Арманистон Қуролли Кучлари Бош штаби мамлакат бош вазири Никол Пашинян ва ҳукуматнинг зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилди. Баёнотга имзо чеккан 40 нафар юқори мартабали ҳарбий хизматчининг фикрича, Хачатрян «юзаки ўйланган ва асоссиз сабабларга кўра» ишдан бўшатилган.

Никол Пашинян ҳарбийларнинг баёнотига жавобан Facebook орқали мазкур баёнотни «ҳарбий тўнтаришга уриниш» деб ҳисоблаётганини маълум қилди ва ўз тарафдорларини намойишга чиқишга чақирди. Пашинян, шунингдек, ҳарбийлар баёнотига имзо чеккан Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянни ҳам лавозимидан озод қилганини айтди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!