Арипов ва Ортиқхўжаевнинг имзосини қалбакилаштириб, ярим миллион долларни "чўнтакка урган" фирибгарларга ҳукм ўқилди

Арипов ва Ортиқхўжаевнинг имзосини қалбакилаштириб, ярим миллион долларни "чўнтакка урган" фирибгарларга ҳукм ўқилди

Бош вазир Абдулла Арипов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзосини қалбакилаштириб ярим миллион долларни қўлга киритган фирибгарлар Ҳокимият бўлим бошлиғи бўлиб чиққани ҳақида хабар бергандик.

2019 йил 23 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида судланувчилар Тимурхўжа Жавдатхўжаев (1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, бўйдоқ, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган), Камолиддин Ахмедов (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, икки нафар фарзанди бор, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган, муқаддам судланмаган), Абдушукур Абдукаримов (1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, бир нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган), Саид Тўхтаев (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, икки нафар фарзанди бор, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани қурилиш бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган, муқаддам судланмаган), Мирсаттор Раджапов (1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, уч нафар фарзанди бор, “Муроди” МЧЖда юрист, муқаддам судланмаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Т. Жавдатхўжаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” бандида, К. Ахъмедовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида, А. Абдукаримовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” бандида, С. Тухтаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” бандида, М. Раджаповни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра,

Т. Жавдатхўжаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланди.

К. Ахмедовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, яъни давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ва 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланди.

А. Абдукаримовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

С. Тухтаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, яъни давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ва 57-моддасини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

М. Раджаповга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Айни пайтда, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан чиқарилган ҳукм қонуний кучга кирмаган. Ҳозирги кунда Т. Жавдатхўжаев, К. Ахмедов, А. Абдукаримов ва М. Раджаповлар томонидан суднинг ҳукми устидан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун келтирилган шикоятлари тегишли тартибда расмийлаштирилди. Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида 2019 йил 5 декабрь куни кўриб чиқилиши белгиланди.  

 

Азиз Обидов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Матбуот хизмати раҳбари

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!