Аразлаб кетган аёллар уйига қайтди

Аразлаб кетган аёллар уйига қайтди

Андижон вилояти Булоқбоши туманида жорий йилнинг ўтган даврида 139 ажрим қайд этилган. 

– Ажримларнинг олдини олиш бўйича қўмитамиз фаоллари, бошланғич ташкилотлар етакчилари ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Булоқбоши тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Худойбердиева. – Жумладан, шу йилнинг ўзида ажрашиш арафасида турган 49 оила яраштирилди, оиласидаги турли низолар туфайли ота-онасининг уйига бориб яшаётган 33 нафар аёл ўз хонадонига қайтарилди. 

“Биз – ажримларга қаршимиз” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. 

Туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ҳуқуқшунослар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, отинойи ва дастурхончилар, кайвони онахонлар, ибратли хонадон соҳибалари иштирок этди. 

Давра суҳбатида тумандаги ҳар бир маҳаллада ажримларнинг олдини олиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик, йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини янада ошириш ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!