АҚШнинг давлат қарзи ошди. Айбдор Трампми?

АҚШнинг давлат қарзи ошди. Айбдор Трампми?

CBS телеканали АҚШ молия вазирлиги ҳужжатларини таҳлил қилиб, АҚШда 2020 молиявий йил бошланиши - 1 октябрга келиб АҚШ давлат қарзи 27 трлн доллардан ошганини аниқлаган. Эътиборлиси, Дональд Трамп президентлиги вақтида ушбу қиймат 7 трлн долларга ошган.

Телеканалнинг фикрича, АҚШ давлат қарзи пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш учун зарур бўладиган чоралар сабабли ошишда давом этади. Айни вақтгача АҚШ маъмурияти иқтисодиётни жонлантириш учун 6 трлн доллардан кўпроқ маблағ ажратган.

Трамп 2016 йилги сайлов кампанияси вақтида АҚШнинг улкан давлат қарзи муаммосини иккита президентлик муддати давомида ҳал қилишга ваъда берган. У ислоҳотлар ва савдо келишувларини қайта кўриб чиқиш эвазига АҚШга ўз қарзини тўлашга имкон берадиган иқтисодий ўсиш юз беришини айтган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, аввалги президент Барак Обама вақтида АҚШ давлат қарзи 9 трлн доллардан кўпроққа ошиб, 20 трлн долларга етган. 

Жорий йилда АҚШ ялпи ички маҳсулоти 22 трлн долларга етиши кутилмоқда. АҚШ конгресси бюджет бошқармаси хулосасига кўра, АҚШ давлат қарзи жорий йилда ЯИМ қийматига тенглашади. Ваҳоланки, 2019 йилда давлат қарзи ЯИМнинг 79 фоизини, 2007 йилда эса 35 фоизини ташкил қилган. 

Бюджет бошқармаси 2021 йилда АҚШ давлат қарзи миллий ЯИМдан ошиши, 2023 йилда эса унинг 107 фоизини ташкил қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!