АҚШ Японияда коронавирус авж олиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда

АҚШ Японияда коронавирус авж олиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда

Жума куни АҚШ ҳукумати Японияда коронавирус авж олиши мумкинлиги борасида хавотир билдирди. Токио губернатори ҳам мамлактда вирус тарқалишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўриш кераклигини таъкидлаган.

Бутун дунёда мазкур юқумли касаллик тарқалишининг олдини олиш учун одамларнинг ҳаракатларига чеклов кескин кучаймоқда. Аммо, Япония ҳукумати шу пайтгача ўз иқтисодиётига етказилиши мумкин бўлган жиддий зарар сабабли чекловлар қўйишни ортга суриб келди. Дунёда учинчи ўринда турувчи Япония иқтисодиёти аллақачон турғунлик ҳолатига яқинлашмоқда.

Жума куни АҚШнинг Токиодаги элчихонаси Америка фуқароларини огоҳлантириб, Япониянинг ҳозирги кунга қадар кенг кўламли текширувлар ўтказмаганлигини таъкидлади. Бу эса, мамлакатда коронавирус авж олиб кетиши мумкинлигидан далолатдир.

“Япония ҳукуматининг кенг миқёсда синовларни ўтказмаганлиги CОVID-19 нинг тарқалиш даражасини аниқ баҳолашни қийинлаштиради. Бугунги кундаги Япония соғлиқни сақлаш тизимининг салоҳиятига ишонсакда, CОVID-19 га чалинганларнинг сезиларли даражада кўпайиши келгуси ҳафталарда ушбу тизимнинг қандай ишлашини тахмин қилишни қийинлаштиради деб ҳисоблаймиз», деб ёзди АҚШ Элчихонаси ўз веб-сайтида.

Агар АҚШ фуқаролари Япониядан Қўшма Штатларга қайтишни истасалар, бу ишни ҳозир қилишлари керак. Акс ҳолда уларнинг Японияда «номаълум муддатга» қолиб кетишлари хавфи мавжуд, дейилади хабарда.

Коронавирус айни дамда Европанинг баъзи қисмларида, АҚШда ва бошқа жойларда авж олган бир пайтда, Японияда бу фалокат кенг миқёсда тарқалмади. Кунчиқар юртда шу пайтгача 3,000 га яқин одамда вирус қайд этилган ва уларнинг 73 таси вафот этган.

Мамлакатда касалланганларнинг энг кўп сони Токиога тўғри келиб, бу ерда 800 га яқин одам коронавирусни юқтириб олган. 14 миллион аҳолига эга Токио учун бу жуда кичик рақамдир.

Аммо, мутахассислар текширилмаган ҳолатлар туфайли беморларнинг кўпайишидан хавотирда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги март ойининг охирига келиб мамлакат бўйлаб вируснинг 26 та занжирини ҳисоблаб чиққан.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!