АҚШ Шинжон-уйғур автоном районида инсон ҳуқуқлари поймол қилингани сабабли Хитойга қарши санкция қўлламоқчи

АҚШ Шинжон-уйғур автоном районида инсон ҳуқуқлари поймол қилингани сабабли Хитойга қарши санкция қўлламоқчи

АҚШ давлат департаменти 11 сентябрь куни Хитойнинг Шинжон-уйғур автоном районида миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа озчилик мусулмон элатларининг "таҳриқланишидан" ташвишда эканини билдирган. Трамп маъмурияти Хитойдаги юқори лавозим эгалари ва компанияларга қарши санкция қўлламоқчи. Бу ҳақда "The New York Times" газетасига таяниб, Turon 24 хабар беради.

Санкциялар АҚШдан Хитойга Шинжондаги этник уйғурларни кузатиш учун ишлатиладиган технологияларни етказиб беришга ҳам тааллуқли.

Хитойга нисбатан ушбу иқтисодий чекловлар илк бор инсон ҳуқуқлари поймол қилингани туфайли қўлланмоқда.

Оқ уй, давлат департаменти ва молия вазирлиги уйғурлар масаласи бўйича Хитойга қарши санкция жорий этишни бир неча ойдан бери муҳокама қилаётган эди. Айниқса, сўнгги икки ҳафта ичида давлат котиби Майк Помпео ва молия вазири Стив Мнукиннинг 7 нафар хитойликка чеклов қўйиш кераклиги ҳақидаги баёнотидан кейин баҳслар қизиган.

Хабарда Хитой ҳукумати Шинжон-уйғур автоном районида узоқ пайтдан бери кузатилмаган кўламда инсон ҳуқуқларини бузаётгани таъкидланади.

9 сентябрда "Human Rights Watch" (HRW) ташкилоти Хитой расмийларини мамлакатдаги мусулмон уйғурлар ҳуқуқларини оммавий ва муттасил поймол қилишда айблаган.

Ташкилотнинг ҳисоботида Шинжон-уйғур автоном районида Хитой ҳукумати маҳаллий аҳолини “ўзбошимчалик билан қўлга олаётгани, қийноққа тутаётгани ва таҳқирлаётгани“ айтилади. Шунингдек, унда Хитойдаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши "Маданий инқилоб" (1966 – 1976-йиллар) даври билан бир хил эканлиги таъкидланган.

HRW ташкилоти ўз ҳисоботида хорижий давлат ҳукуматларини Хитойга қарши чора кўришга чорлаган.

10 сентябрь куни Хитой расмийлари бу айбловларни рад этган. Хитой ташқи ишлар вазири Хуа Чунин HRW ҳисоботини изоҳлашдан бош тортиб, ташкилотни фактларни бузиб кўрсатишда айблади.

Хитойнинг Шинжон-уйғур автоном районида 13 миллионга яқин туркий тилда сўзлашувчи мусулмон яшайди. Расмий маълумотларга кўра, Хитой ҳукумати уларни мунтазам равишда оммавий жазоларга маҳкум этган, саёҳат қилишлари ва диний эътиқодларига чекловлар қўйиб, кундалик ҳаётини тўлиқ назорат қилган.

10 августда БМТнинг Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмитаси Хитойда этник уйғурлар аксилэкстремизм марказларида ушлаб турилгани, миллионлаб одам “қайта тарбиялаш лагерлари"га юборилаётганини таъкидлаган эди.

Manba: azon.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!