АПЛ. Расман! "Ливерпуль" — чемпион, "Челси" — сабабчи!

АПЛ. Расман! "Ливерпуль" — чемпион, "Челси" — сабабчи!

"Ливерпуль"нинг жорий мавсумда Англия чемпиони бўлиши кутилган воқеа эди. Аммо бу ҳолат мерсисайдликларнинг ўйинидан кейин эмас, "Сити"нинг мағлубиятидан кейин содир бўлиши бироз кутилмаган ҳолат бўлди.

"Манчестер Сити" бугун "Челси" клуби меҳмони бўлиб, имкониятни бой берди. Учрашувнинг 36-дақиқасида майдон марказида Менди ва Гюндоганнинг қўпол хатосидан кейин Пулишич тўпни эгаллаб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди. Кристианнинг зарбасини Эдерсон қайтара олмади — 1:0.

Иккинчи бўлим бошида Кевин де Брюйне жарима зарбасини аъло даражада ижро этиб, "Челси" дарвозаси "тўққизлиги"ни аниқ нишонга олди. Орадан 2 дақиқа ўтиб Раҳим Стерлинг йўллаган зарба натижасида тўп устунга тегиб қайтди!

Учрашувнинг 72-дақиқасида Пулишич ажойиб имкониятдан фойдалана олмади. У дарвозабон билан юзма-юз вазиятда посбонни алдаб ўтди ва дарвоза томон секин зарба берди. Уокер тўпни қайтариб қолди.

Баҳснинг 76-дақиқасида эса Фернандиньо ўз жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнаб, майдондан четлатилди. Виллиан 11 метрли жарима зарбасидан "Челси"ни олдинга олиб чиқди.

"Челси" ушбу ғалаба туфайли ўз очколарини 54тага етказди ва жамоа 3-ўриндаги "Лестер"дан энди атиги 1 очко ортда қолмоқда. "Сити" эса, мавсум якунланишига 7 тур қолганида, "Ливерпуль"дан 23 очко ортда қолиб кетди.

Натижада "Ливерпуль" 30 йиллик танаффусдан кейин ўз тарихидаги 19-чемпионликни қўлга киритди.

АПЛ, 31-тур
Челси – Манчестер Сити 2:1 (1:0, 1:1)
Голлар: 1:0 – 36 Пулишич, 1:1 – 55 де Брюйне, 2:1 – 78, пенальти Виллиан.
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Алонсо, Рюдигер, Кристенсен, Канте, Баркли (Ковачич, 73), Пулишич (Гилмор, 90), Маунт (Педро, 90), Виллиан, Жиру (Абрахам, 62).
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Лапорт (Отаменди, 74), Менди (Зинченко, 59), Бернарду Силва (Габриэл Жезус, 55), Гюндоган, Стерлинг, Родри Эрнандес (Сильва, 55), Марез, де Брюйне, Фернандиньо.
Огоҳлантиришлар: Алонсо (38), де Брюйне (76).
Четлатиш: Фернандиньо (77).


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!