«Антибиотикларнинг рецептсиз сотилиши — катта муаммо»

«Антибиотикларнинг рецептсиз сотилиши — катта муаммо»

Антибиотиклар дунёда энг кўп тайинланувчи ва тиббиётнинг қарийб барча соҳаларида қўлланилувчи дори воситаларидан ҳисобланади. Бироқ уларни нотўғри қўллаш оқибатида кейинчалик ҳақиқатдан ҳам керак бўлган вақтда ёрдам бермаслиги мумкин. Дунё миқёсида антибиотикларга чидамлилик одамлар саломатлигига таҳдидга айланмоқда.

Кўплаб дори воситаларига чидамли бактериялар келтириб чиқарган инфекциялар ҳар йили 700 мингга яқин кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда. Мазкур маълумотлар Антибиотиклардан тўғри фойдаланиш жаҳон ҳафталигига бағишланган матбуот анжуманида санаб ўтилди.

«Одамлар ва ҳайвонларда инфекцион касалликларни даволаш учун қўлланилувчи микробларга қарши препараларга масъулият билан ёндашиш ва улардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш лозим, — деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс. — Барча секторларда ва барча даражаларда амалга оширилувчи ҳаракатларда бутун жамоатчилик ва давлат иштироки таъминланмаса, ўзгаришларга эришиб бўлмайди».

«Ўзбекистон антибиотикларга чидамлиликнинг тарқалиши билан боғлиқ реал хатарларни яхши фаҳмлайди. Биз миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни якунлаш арафасидамиз», — дея хабар қилди Эпидемиология, микробиология ва инфекцион касалликлар ИТИ директори ўринбосари Холида Аҳмедова.

Ўзбекистонда қонунчиликка кўра антибиотикларни шифокор рецептисиз бериш тақиқланади. Бироқ қонунчиликдаги бу талабга дорихоналарда риоя этилмайди.

«Бизда микробларга қарши препаратларни рецептсиз сотиш ҳақиқатдан ҳам катта муаммо. Ваҳоланки норматив ҳужжатларда бу масала қатъий тартибга солинган», — деди антибиотикларни қўллаш бўйича миллий координатор ҳамда Дори воситалари экспертизаси ва стандарлаштириш давлат маркази бўлим бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова.

«2020 йилда электрон рецептлар ва касалликлар тарихи тизимининг жорий этилиши барча тайинловларни маълумотлар базасига киритиш ва дори воситаларининг берилишини кузатишга имкон беради. Бу туфайли дори воситаларининг рационал тайинланиши ва уларнинг рационал чиқарилиши таъминланади», — деди у.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга рўйхатга киритилмаган дори воситаларини шифокор рецептисиз сотганлик учун жазони кўзда тутувчи ўзгартишларни киритиш кўзда тутилмоқда, деди Муҳаббат Ибрагимова.

Manba: gazeta.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!