Ангрендаги тергов бўлимида ҳам фуқаро қийноққа солиндими?

Ангрендаги тергов бўлимида ҳам фуқаро қийноққа солиндими?

7 август куни ижтимоий тармоқларда Ангрендаги тергов бўлими ходимлари томонидан қийноққа солингани айтилган фуқаронинг суратлари тарқалди. Тошкент вилояти ИИББ жабрдийдаги терговчилар томонидан тан жароҳати етказилмаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда сурати тарқалган фуқаронинг жароҳатларига икки киши ўртасида содир бўлган жанжал сабаб бўлган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, 7 август куни тахминан соат 01:00 ларда «Чавлисой» аҳоли пунктида Ангрен шаҳрида яшовчи фуқаро Ҳ.Н. маст ҳолатда таниши Г.З. (аёл) билан шаҳвоний муносабатда бўлаётган вақтда шу ерда яшовчи фуқаро А.А. уларни кўриб қолган ва бу ердан кетишни талаб қилган. Натижада Ҳ.Н. ва А.А. ўртасида жанжал келиб чиққан, ҳодиса уларнинг бир-бирига тан-жароҳати етказиши билан тугаган.

«Ҳар икки фуқаро олган тан-жароҳатлари юзасидан «Красногорск» қўрғонида жойлашган Тез тиббий ёрдам бўлимига мурожаат қилади. Тиббий ёрдам бўлими маълумотномасига кўра, фуқаро Хамид Н.да бош тепа соҳаси ёрилган, шилинган жароҳатлари борлиги, фуқаро Азим А. да ҳам пешона соҳаси шилинган жароҳати борлиги кўрсатилган.

Ҳар икки фуқаронинг олган тан-жароҳати юзасидан Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани судга оид тиббий экспертиза бўлимидан экспертизадан ўтказиш учун қарор тайинланиб, ижрога қаратилган.

Ҳозирда Ангрен шаҳар ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади вилоят ИИББнинг расмий муносабатида.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатда фуқароларга нисбатан ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳеч қандай жисмоний куч ишлатилмаган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати фуқаролар, журналист, блогер ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан, тўғридан-тўғри ички ишлар тизимини обрўсизлантиришга қаратилган, текширилмаган ёки ёлғон ахборот ва хабарларни тарқатмасликларини, бу каби ҳолатларда маълумотларни расмий манбалардан олишларини ва холис ахборот етказишни сўраган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!