Ангрен шаҳар прокурорининг ўқитувчиларга қилган қўпол муносабати Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда

Ангрен шаҳар прокурорининг ўқитувчиларга қилган қўпол муносабати Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда

Ангрендаги мактабга борган ва Ангрен шаҳар прокурори дея таъкидланилаётган шахснинг ўқитувчиларга муносабати интернет тармоқларида кенг салбий муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирилигининг маълум қилишича, педагог ходимларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланган. Ушбу видеолавҳа Бош прокуратурага юборилган ва ҳолат ҳозирда ўрганилмоқда.

"Жамиятда ўқитувчининг обрўсини оширишни ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз лозим. Бу борада катталар ёшларга ўрнак бўлиши ва ҳар доим барчамизга билим берган устозларга ҳурмат билан муомалада бўлишимиз шарт.

Ўрни келганда, Президентимиз томонидан ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш борасида қатор топшириқлар берилганини ва “Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни мен ҳам ҳурмат қилмайман” деганларини алоҳида таъкидлаш лозим", - дейилади расмий баёнотди.

Шунингдек, қайд этилишича, “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги Конвенсиянинг (Женева, 28.06.1930) 6-моддасига асосан маъмурият амалдорлари, ҳатто уларнинг вазифаси уларга ишониб топширилган аҳолини қандайдир меҳнат шакли билан банд қилишга кўмаклашишдан иборат бўлса-да, ушбу аҳоли ёки алоҳида шахсларни хусусий шахслар, компаниялар ёки ташкилотлар учун ишлашга мажбур қилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018-йил 10-майдаги 349-сон қарорига мувофиқ Бош прокуратурага Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш, бу борадаги текширувлар самарадорлигини ошириш ва мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланганда эса айбдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш тавсия этилганлиги эслатиб ўтилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!