Ангола ва Яманда фаолият юритган қашқадарёлик шифокорлар вилоятда иш бошлади

Ангола ва Яманда фаолият юритган қашқадарёлик шифокорлар вилоятда иш бошлади

Ангола ва Яман давлатидаги хусусий тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатиб келган 7 нафар қашқадарёлик шифокор вилоятда иш бошлади. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов маълум қилди.

Яман давлатининг Хараб шаҳрида фаолият кўрсатган болалар жарроҳи Ҳаким Саидов ҳозир Китоб туман тиббиёт бирлашмасида бош шифокор бўлиб ишламоқда. Хараб шаҳридаги клиникада фаолият олиб борган бошқа бир мутахассис, травматолог-ортопед Муртоз Қодиров айни пайтда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида иш бошлаб, ҳамкасблари билан тажриба алмашмоқда. Ангола давлатининг Луанда шаҳридаги туғруқ муассасасида тажриба орттирган акушер-гинеколог Насиба Эргашева эса вилоятдаги ҳамкасбларига хориж амалиётини ўргатмоқда. Нефролог, офтальмолог, болалар жарроҳи каби мутахассисликларга эга Мусахон Амиров, Ибодулла Қодиров, Зилола Рўзиева, Озода Исматовалар ҳам вилоят тиббиёт тизимида иш бошлашди.

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят соғлиқни сақлаш тизимига республика ва хорижий давлатдаги клиникаларда фаолият кўрсатиб келган 90 нафар шифокор жалб этилиб, улар иштирокида 56 та мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилди. 6500 га яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳудудий мутахассислар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

Натижада вилоятда илк марта республика шошилинч тиббий ёрдам Қашқадарё филиалида лапароскопик операция амалга оширилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида эса биринчи марта сунъий бўғим қўйиш бўйича жарроҳлик амалиёти бажарилди.

Ҳозир вилоятда 5175 нафар шифокор, 32 минг 788 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатиб келади.

Manba: turon24.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!