Андижонлик икки ўзбек жангчисининг жасади қолдиқлари ватанга олиб келинди

Андижонлик икки ўзбек жангчисининг жасади қолдиқлари ватанга олиб келинди

2019 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Украинанинг Ровно вилоятидаги Пустоиванний қишлоғи ўрмонларида eр кавлаётган ишчилар инсон жасади қолдиқларига дуч келишди.

Украинадаги “Заход-сход” кўнгиллилар қидирув отряди Ровно вилояти ўрмонларида топилган жасадлар Андижон вилояти, Пахтаобод туманидан ҳарбий хизматга чақирилган ва 1941 йил урушнинг илк кунларида ҳалок бўлган ўзбекистонлик аскарларга тегишли эканини аниқлади.

Украинадаги “Заход-Сход” қидирув отряди раҳбари Максим Хровнинг айтишича, жасад қолдиқлари ёнидан уларнинг исм-фамилиясидан тортиб, қайси ҳарбий комиссариатдан ҳарбий хизматга чақирилгани ҳақидаги маълумотлар жамланган медаллар ҳам топилган.

Медальонлар ёриб кўрилганда, икки ўғлон Ўзбекистонннинг Андижон вилоятидан эканлиги маълум бўлган.

Улар Мамадалиев Тўйчибой, 1915 йилда Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани, Сталин колхозида туғилган, 1939 йилда Андижон тумани ҳарбий комиссариатидан хизматга чақиртирилган. Ҳарбий унвони оддий аскар бўлган.

Иккинчиси 1919 йилда Андижоннинг Пахтаобод тумани, Уйғур қишлоғида туғилган, ҳарбий хизматга Избоскан туманидан 1940 йилда чақирилган оддий аскар Холиқов Қурбонбой бўлган.

Украинадаги “Заход-Сход” қидирув отряди маълумотига кўра, ўзбек аскарларининг қолдиқлари топилган жойни Германия қўшинлари 1941 йилнинг 29 июнига қадар назоратига олган.

Бу аскарлар айнан 1941 йилнинг июнь ойи охирида немисларнинг миномёт ўқи осколкасидан ҳалок бўлганига аниқлик киритилган. Уларнинг ёнидан белкурак ва темир сув идиши ҳам топилган.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги “Нуроний” жамғармасининг Андижон вилояти бўлими ходимлари Украинадан топилган ўзбек аскарлари жасадларининг қариндошларини излаб топиш ишларини амалга оширишди. Лекин уларнинг қариндошлари топилмади.

“Нуроний” жамғармасининг Андижон вилояти бўлими ходимлари томонидан 2020 йил 12 март куни юртдошларимиз оддий аскар Мамадалиев Тўйчибой ва оддий аскар Холиқов Қурбонбой жасадлари қолдиғи Андижон вилоятига олиб келинди.

Бу икки ўзбек ўғлонларининг жасадлари қолдиқларини ҳурмат-эҳтиром билан қайта дафн этиш маросимида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари, вилоят ҳокимлиги, ёшлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!