Андижондаги йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланганлар вазирлик назоратига олинди

Андижондаги йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланганлар вазирлик назоратига олинди

Бугун, 26 ноябрь куни эрталаб соат 8:10 ларда А-373 Тошкент-Ўш-Андижон автомагистралининг 389-390- километрлари оралиғида "Исузу" автобуси ва “Фура” юк машинаси тўқнашиб кетгани ҳақида хабар бергандик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, тўқнашув натижасида жами 41 нафар фуқаро жароҳат олган, шулардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган.

38 нафар йўловчи турли хил жароҳатлар билан Бўстон туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига олиб келинган. Уларнинг ҳолати зудлик билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинди.

Беморлардан 3 нафарида ушбу ихтисослашган бригадалар томонидан жарроҳлик амалиёти бажирилди. Барча жабрланганлар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, жароҳат оғирлигига кўра, Бўстондан Шаҳрихондаги қўшма шикастланишлар марказига 17 нафари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига 10 нафари "Тез ёрдам" машиналари орқали етказилди.

Айни пайтда уларга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Д.Тўлаганов бошчилигида воқеа жойига тезкор етиб борган бригадалар томонидан тегишли даволаш стандартлари асосида чуқурлаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳозир Бўстон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимида 11 нафар бемор даволанаётган бўлиб, улардан 3 нафарида жарроҳлик операциялари ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!