Андижондаги университетда аёл 4-қаватдан тушиб кетгани тасдиқланди

A A A
Андижондаги университетда аёл 4-қаватдан тушиб кетгани тасдиқланди

Ижтимоий тармоқларда Андижон давлат университетининг Тарих факультети биносининг тўртинчи қаватидан ҳомиладор аёл тушиб кетганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Университет маъмурияти ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Ҳақиқатда бугун соат 14:00 атрофида Андижон давлат университети 1000 ўринли биноси 4 қаватидан аёл киши эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган.

Ҳолат қуйидагича содир бўлган. Бугун, 4 декабрь куни ижтимоий-иқтисодиёт факультети талабалари ота-оналари учун мажлис ўтказилган. Мажлис университетнинг 1000 ўринли биноси 4 қаватида жойлашган кичик мажлислар залида бўлиб ўтган. Унда иштирок этган талабалардан бирининг келинойиси йиғилиш бўлаётган вақтда телефон бўлиб қолгани сабабли йиғилишдан чиқиб, телефонда суҳбатлашган.

Айни вақтда шу қаватда бинонинг зиналарини янги, бақувватроғига алиштириш учун эскиси олиб ташланиб, янгисини ўрнатилиш ишлари амалга оширилаётган бўлган.

Аёл телефонда суҳбатлашиш жараёнида қурилиш бўлаётган ҳудудни англатувчи белги ва тўсувчи тасмаларга аҳамият бермасдан зинапоя томонга юрган ва эътиборсизлик оқибатида тушиб кетган. Бунда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳудуд тўлиқ беркитиб қўйилмаганлиги, тўсиқ ленталарига эса эътибор бермаслиги ҳам сабаб бўлган.

Ҳодиса юз берган вақтнинг ўзидаёқ университетнинг масъул ходимлари томонидан шошилинч тез ёрдам чақирилиб, фуқаро республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига университет маъмурияти вакиллари ҳамроҳлигида олиб борилган ва биринчи ёрдам кўрсатилган. Маълумот учун, аёл ҳомиладор бўлмаган.

Вазият бўйича қўшимча ахборот бериб борамиз, деб ёзади Андижон давлат университети ахборот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!