Андижонда хандақ қазиётганда тупроқ босиб қолган фуқаро қутқарилди

Андижонда хандақ қазиётганда тупроқ босиб қолган фуқаро қутқарилди

 

Андижонда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармаси ходимлари хандақ қазиш жараёнида тупроқ босиб қолган фуқарони қутқариб олди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳодиса 6 март куни Андижон шаҳрида содир бўлган. Шаҳарнинг Бобуршоҳ кўчасида 25 ёшли эркак хавфсизлик чораларига риоя қилмасдан йўл бўйлаб хандақ қазиётган бўлган. Хандақ юзасига тўпланган тупроқ ишчининг устига тушиб, босиб қолган.

Ҳолатга гувоҳ бўлганлар дарҳол Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув гуруҳига қўнғироқ қилган. Бир неча дақиқада етиб келган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари жабрланувчини қутқариб, шу вақтда етиб келган тез ёрдам ходимларига топширган.

Енгил жароҳатлар олган эркакка кўп ўтмай касалхонадан жавоб берилган.

Бундан аввал Қамчиқ довонида 30 дақиқа оралиғида икки машина хандаққа тушиб кетгани, Тошкент ва Самарқанд вилоятида қудуққа тушиб кетган фуқаролар қутқариб олингани ҳамда Бекободдаги хонадонларнинг бирида юз берган ёнғинда бир кишининг ҳаёти сақлаб қолингани ҳақида хабар берилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!