Андижонда ўзларини АОКА ходими сифатида таништириб, боғча мудирасидан пул олган шахслар қўлга олинди

Андижонда ўзларини АОКА ходими сифатида таништириб, боғча мудирасидан пул олган шахслар қўлга олинди

2020 йилнинг июль ойида Бухоро вилоятида ўзларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вакиллари ва “Юрт салоҳияти” газетаси мухбирлари деб таништирган шахслар қўлга олингани хабар берилган эди. Андижон вилоятида ҳам худди шунга ўхшаш воқеа юз берди.

Маълум бўлишича, Андижон шаҳридаги мактабгача таълим бўлимига қарашли 6-, 33-, 47-, ва 61-сонли мактабгача таълим муассасаларида ўзларини “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходимлари” деб таништирган фуқаролар — А.А. ва М.А. муайян муаммоларни аниқлаб, муассасалар раҳбарларидан пул талаб қилишган.

Хусусан, улар Андижон шаҳридаги 3та мактабгача таълим муассасасини текшириб, уларнинг фаолиятида турли камчиликлар аниқлаб, муассаса раҳбарларидан жами 1 000 000 (бир миллион) сўм миқдорида пул маблағини ноқонуний тарзда талаб қилиб олган. Уларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлган Андижон шаҳридаги мактабгача таълим бўлимига қарашли муассасалардан бирининг раҳбари мазкур ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида 2021 йилнинг 19 январь куни А.А. ва М.А. Андижон вилоятининг Марҳамат туманида жойлашган 28-сонли МТМ фаолияти бўйича материал тайёрлаш мақсадида муассаса раҳбаридан 200 000 (икки юз минг) сўм миқдорида пул маблағи олаётган вақтида туман ички ишлар бўлими масъул ходимлари томонидан қўлга олинди. Уларга тегишли қалбаки гувоҳномалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Текшириш давомида ушбу шахслар “Халқ иродаси” журнали таҳририяти томонидан берилган гувоҳномаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги номи ёзилган ҳамда давлат рамзи (герби) қўйилган гувоҳномалардан фойдаланиб боғчалар фаолиятини текшириб юрганлиги маълум бўлди. Улар “Халқ иродаси” журнали таҳририятида жамоатчилик шартномаси асосида ишлаб келган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти Марҳамат тумани ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлар олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!