Андижонда уч эгизак туғилди. Уларга Умар, Ҳолид ва Али исмларини қўйишмоқчи

Андижонда уч эгизак туғилди. Уларга Умар, Ҳолид ва Али исмларини қўйишмоқчи

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги Қалъача маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳодир ва Нилуфархон Султоновлар оиласида уч эгизак ўғил дунёга келди. Бу ҳақда Дарё мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

Андижон вилояти перинатал маркази шифокорлари 10 январь куни соат 12:40 ва 12:45 лар орасида туғруқни муваффақиятли амалга оширди. Ҳозирда онанинг ҳам, эгизакларнинг ҳам аҳволи яхши. Улар шифокорларнинг доимий назоратида.

Бу хабарни эшитиб жудаям хурсанд бўлдик, дейди чақалоқларнинг бувиси Раънохон Бурхонова. Уч нафар фарзандим бор. Биринчи невараларимнинг эгизаклигидан чексиз шодмиз. Уларга Умар, Ҳолид ва Али, дея исм қўйишни ният қилиб турибмиз. Юртимиздаги ҳар бир оилада соғлом ва ширинтой ўғил-қизлар ўйин-кулгиси янграб турсин илоҳим.

Маълумот учун, Андижон вилоятида уч эгизакларнинг туғилиши кўпайиб бормоқда. 2016 йилда 3 эгизаклар 3 марта, 2017 йилда 6 марта, 2018 йилда эса 10 марта уч эгизак дунёга келган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 18 декабрида Тошкентда ҳам уч эгизак туғилган, уларга Президент шарафига Шавкат, Миромон ва Мирзиё исмлари қўйилганди. Болаларнинг отасига Президент совғаси сифатида Cobalt машинаси топширилди.

Manba: 7news.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!