Андижонда суд фуқаро фойдасига 136 миллион сўм товон пули ундириш ҳақида қарор қабул қилди

Андижонда суд фуқаро фойдасига 136 миллион сўм товон пули ундириш ҳақида қарор қабул қилди

Андижонлик Б.С. бундан ўн икки йил аввал вилоят марказидаги деҳқон бозори ҳудудида аукцион олди-сотди шартномаси асосида савдо дўкони эгасига айланганди. Етти йил фаолият кўрсатган дўкон маҳаллий ҳокимликнинг 2017 йилдаги тегишли қарорига кўра, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилади. Тўғри, дўкон бузилишидан олдин тадбиркор ҳамда шаҳар ҳокимлиги ўртасида товон тури бўйича келишув шартномаси тузилган, хусусан, дўкон соҳибига шаҳар ҳудудидан уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилиши кўзда тутилган эди. Бироқ бу орада ҳокимлардан ер участкаси ажратиш ваколати олиб қўйилгани боис юқорида тилга олинган келишув бажарилмай қолди. Хуллас, вазият ўзгаргач, тадбиркор қандай йўл тутди?

Энг аввал Андижон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилди. Бўлим мутахассислари ҳолатни ўрганиб, ҳужжатлар билан танишгач, Б.С.нинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига 136 миллион 799 минг 44 сўм компенсация ундиришни сўраб даъво ариза киритди.

Бу рақам қаердан пайдо бўлди, деган савол туғилиши табиий.

Юқорида тилга олинган келишувга кўра, ҳокимлик тадбиркорга шаҳар ҳудудидан ер участкасини бериш мажбуриятини олганлиги таъкидланди. Экспертиза хулосасига кўра, келишувда назарда тутилган ер участкасининг баҳоси 134 миллион 558 минг 44 сўмни ташкил этиши аниқланган. Баҳолатиш харажатлари учун 2 миллион 241 минг сўм сарф этилган. Шундан келиб чиқиб, ушбу миқдордаги маблағларни ундириш сўралган.

Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади.

Хуллас, суд тарафлар ўртасида тузилган келишув шартларини бажаришнинг имконияти вазият ўзгарганлиги учун йўқолганлиги сабабли унда назарда тутилган мажбуриятнинг баҳосини даъвогарга ундириш ҳақидаги хулосага келди. Эндиликда тадбиркорга ушбу маблағ ундириб берилади.

Иқболжон Азизов,

фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!