Андижонда кўчада яланғоч ечиниб олган эркак ким эди?

Андижонда кўчада яланғоч ечиниб олган эркак ким эди?

Жорий йилнинг 15 март куни Озодлик радиосининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Андижонлик тадбиркор ҳокимга қип-яланғоч ечиниш билан норозилик билдирди сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Унда 12 март куни Андижон вилоятининг Асака шаҳар марказидаги Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган Paynet будкасини бузиш талаби билан Асака шаҳар ҳокими келган пайтда дўконча эгаси бизнесини сақлаб қолиш учун норозилик тариқасида қип-яланғоч бўлиб ечиниб, йўлга ётиб олгани ҳақида сўз боради.

Ушбу мақола ва кийимсиз ҳолатда ерда ётган йигитнинг сурати тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди ва бу ҳамон давом этмоқда. Айримлар ҳокимни қораласа, баъзилар яланғоч ҳолатдаги йигитга нисбатан салбий фикрларни билдиряпти. Ҳатто Бу йигит соғлом эмасдир , деган мазмунда ўз мулоҳазасини баён қилганлар ҳам йўқ эмас. Мазкур ҳолатга аниқлик киритиб, тадбиркор билан суҳбатлашиш мақсадида Дарё мухбири журналистик суриштирув олиб борди.

Маълумотлар ёлғонлигидан ҳайрон бўлдим

Суриштирув бошида Нажмиддин Кубро МФЙга қарашли Амир Темур кўчасидаги Paynet будкасига бориб, у ерда февраль ойидан буён ишлаётган Бобурбек Мирзаев исмли йигитни суҳбатга тортдик:

Ишонсангиз, бир неча кундан бери кўплаб одамлар келиб, Paynet ингни олдида бир йигитни ечинтирибсан. Ўзи нима бўлди? , дея турли саволлар беришяпти. Ўзим интернетга кам кираман. Куни кеча бир танишим интернетга чиққан расм ва мақолани кўрсатди. Очиғи, мақоладаги фикрларни ўқиб, ҳайрон бўлдим. Барчаси ёлғон. Бу ерда ишлаётганимга бир ярим ой бўлди. Бирор марта ҳокимиятдан кимдир келиб, будкани бузишимиз шартлигини айтгани йўқ. Ҳеч ким безовта қилмаган. Яланғоч ечинган йигит кимлигини билмайман ҳам. Лекин уни ўзи ечинганини кўрдим.

Ўша куни тушликдан кейин у йигит мана бу тўрт кўчанинг ўртасига қулоқларини қўллари билан беркитиб олиб, ўтириб олди. Бир зумда машиналар тирбандлиги ҳосил бўлди. Шу пайт мазкур ҳудуднинг ички ишлар нозири Ойбек ака Matiz ида йигит олдига келиб, тўхтади ва унга бир нималар деб гапириб, машинасида дўконим олдига келди. Мен бу манзарани будкамдан чиқмаган ҳолда кузатганлигим боис гапларини эшитолмадим. Ойбек ака машинасидан тушмасиданоқ кўча ўртасида ўтирган йигит кийимларини еча бошлади. Бундан мен ҳам ҳайрон бўлдим. Одамлар кўп эди. Улуғбек ака уни олдига югуриб борди ва бир амаллаб йўл четига, яъни машинаси олдига олиб келди. Машинага солмоқчи бўлди. Бироқ у тинчланмай, бунга кўнмай, ечинишда давом этиб, ерга ётиб олди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, яна бир ИИБ ходими машинада ташриф буюрди. Ойбек аканинг машинасига йигитни зўрға солишди ва кейин уни қаергадир олиб кетишди. Қолган нарсадан бехабарман. Ижтимоий тармоқларга чиқиб кетган расмда Matiz ни ҳам кўриш мумкин. Ўша автоулов Ойбек аканики эди. Кимдир кўчанинг нариги юзидан бу ҳолатни расмга олган шекилли. Лекин нима бўлганда ҳам бошқа бир одамни асоссиз гаплар билан ечинган пайтидаги суратини интернетга чиқариб юбориш ақлга сиғмайдиган иш. Бу нафақат Асака, Андижон ёки Ўзбекистон, балки бутун мусулмонлар учун ҳам уятли манзара.

Укам ҳеч қандай тадбиркор эмас

Шундан сўнг биз суратдаги йигит ким эканлигига аниқлик киритдик. У 1984 йилда Асака шаҳрида туғилган (йигитнинг исми таҳририятга маълум). Унинг тўнғич опаси билан суҳбатлашдик:

Биз умуман бошқа маҳаллада яшаймиз. Ўша куни укам у тарафларга нима иш бўйича борганини билмайман. Аммо бу ҳолат содир бўлмасидан ярим соат аввал гаплашганимда ҳолати яхши эди. У 2014 йили руҳий саломатлигида муаммо юзага келгани туфайли вилоят психоневрология шифохонасида даволанган ва рўйхатда туради. Биз бу ҳақда маҳалла-кўй, таниш-билишларга уялиб, орият устун келиб, индамай юргандик. Ўшанда шифокорлар укамга асабийлашмасликни, уни қаттиқ сиқилишдан сақлашимизни, йўқса яна касали қийнашини айтишганди. Укам оилали ва бир нафар қизи бор. Аммо келинимиз билан келишолмаганлиги учун хотини вақтинча ота-онаси билан яшаётганди. Шу кунларда уларни уйимизга қайтариб олиб келиш ниятида юрганди. Балки шахсий ҳаётидаги ушбу ҳолатлар бўйича чуқур ўй-фикрда бўлгани боисми, уни яна касали безовта қилгандир. Укам ҳеч қандай тадбиркор эмас. Айни пайтда ишсиз. Унга алоқаси йўқ маълумотлар ва ечинган ҳолатдаги расми интернетга чиқиб кетганини маҳалла ички ишлар нозиридан эшитдим. Тўғриси, жуда ҳам қаттиқ ранжидик. Интернетда туҳмат хабарлар билан овоза қилган инсонларга ҳам жазо бордир.

Укам 15 мартдан бери вилоят психоневрология шифохонасида стационар тартибда даволаняпти. Ҳолати яхшиланяпти. Унинг расми интернетга чиқиб кетганини ўзига айтмоқчи эмасмиз. Негаки у бу пайтда ўзида бўлмаган. Эртага таниш-билишлар олдида юзи шувут бўлишини истамаймиз. Шу боис унинг исми-фамилияси, яшаш манзилимизни сизлар ҳам ёзмай қўяверинглар илтимос.

2014 йилидан бери назоратда туради

Ечиниб ерга ётиб олган йигит тўғрисида маълумот олиш мақсадида Андижон вилояти психоневрология диспансери бош врачи Ойбек Бувабековга ҳам юзландик:

У 2014 йилдан бери диспансеримиз назоратида туради. У стационар тартибда 2014 йилнинг 8 апрелидан 10 майига қадар даволанган. Унга биполяр аффектив бузилиш, гипоманиянинг жорий кўриниши ташхиси қўйилган. 2017 йилнинг июль ойида ҳам 10 кун даволанган. Унинг касаллиги кўриниши беморларда кайфиятнинг кўтарилиб кетиши, улуғворлик васвасаси, ҳаракатларнинг ноадекватлиги, уйқусизлик ва ўзи қилаётган хатти-ҳаракатларига танқид йўқолиши билан кечади. Ўзини-ўзи назоратга ололмайди. Шифохонамизга 15 март куни руҳий ҳолати қайта ўзгариб қолганлиги сабаб яна даволанишга ётқизилди. Ҳозир у кечаю кундуз шифокорлар назоратида.

Биз суриштирув мобайнида Асака тумани ҳокими ўринбосари, Асака шаҳар ҳокими Хурсандбек Йўлдошевнинг ҳам ушбу ҳолат юзасидан фикрларини олмоқчи бўлдик. Аммо у қўнғироқларимизга жавоб бермади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!