Андижонда ҳайдовчи ЙПХ ходимининг бодикамерасини юлиб олди (видео)

Андижонда ҳайдовчи ЙПХ ходимининг бодикамерасини юлиб олди (видео)

Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳрида Lacetti ҳайдовчиси  ЙПХ ходимининг бодикамерасини юлиб олди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» ахборот дастури хабар берди.

4 январь куни Шаҳрихон туманида Lacetti ҳайдовчиси томонидан қоидабузарлик содир этилган. Видеодан кўриш мумкинки, ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмасдан машинанинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини, «машина ўғирланганини» таъкидлаб, унинг ёқасига ёпишган. Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг бодикамерасини юлиб олиб, машинасида кетиб қолишга уринган. Инспектор эса унга қаршилик кўрсатиб, машинага ўтириб олган. Ёрдамчи кучлар етиб келганидан сўнг машина жарима майдончасига олиб борилган.

Lacetti ҳайдовчиси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топилиб, 5 миллион 575 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.

Эслатиб ўтамиз, ЙПХ ходимлари 2020 йил 1 январдан бошлаб мобил видеокамера (боди-камера)дан фойдаланган ҳолда ўз хизмат вазифасини олиб бормоқда.

Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимлари боди-камералар билан ишлай бошлаши ҳақида илк бор 2017 йил 22 декабрида айтилган, муддат сифатида 2018 йилнинг 10 феврали кўрсатилган эди. Кейинчалик муддат 1 мартга кўчди, кейинроқ сентябрда бўлади, дейилди. 2018 йил декабрида ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорда янги муддат — 2019 йилнинг 1 июли кўрсатилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!