Андижонда эркак хотинини олиб кетмоқчи бўлган қайнопасини ўлдириб қўйди

Андижонда эркак хотинини олиб кетмоқчи бўлган қайнопасини ўлдириб қўйди

Андижонда хотинини олиб кетаман деб жанжаллашган қайнопасини пичоқлаб ўлдирган йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё» Андижон вилояти суди матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди раиси Рустамжон Тургиновнинг маълум қилишича, С.Б. 2021 йил 3 сентябрь куни соат 07:30 да қайнонаси Х.М. ва қайнопаси Г.М. яшаш хонадонига келишганида онаси уларни кутиб олиб, меҳмонхонага олиб кирган. Суҳбат давомида Х.М. бақир-чақир қилиб, улар қизини сиқаётганини, ажраштириб юборишини айтган. Шунда С.Б. аёлларнинг ишларига аралашмасдан уйга кириб кетган. Бироқ қайнона ва қайнопаси уни уйдан чақириб, ҳақоратлаб, нафсониятига тегадиган гаплар билан онасини кўча дайдиси, деб атаган.

«Уларнинг бақир-чақир қилишгани ҳамда куракда турмайдиган гапларни гапирганидан жаҳлим чиқиб, карахт ҳолатга тушиб қолдим. Менга қараб шанғиллаётган қаёнопамнинг олдига бориб сочидан тортиб, даровозахонага судраб чиқдим. Ошхона олдига етганимда стол устида турган хўжалик пичоғини олдим. Шунда Г.М. рўпара қўшнимизникига қочиб кириб кетди. Унинг ортидан қувиб, етиб олиб пичоқни танасига тиқиб олдим. У йиқилганида қўлимдаги пичоқни ташлаб, қочиб чиқиб кетдим.

Мақсадим ўлдириш бўлмаган. Аксинча жанжал бўлишининг олдини олиш учун ҳаракат қилсам-да, Г.М. турмуш ўртоғим билан ажраштириб юбормоқчи бўлгани ва шаънимга тегадиган гаплар айтгани сабабли жаҳлим чиқиб, ўзимни йўқотиб қўйганимдан шу ҳолат юзага келди. Қилган ишимдан пушаймонман. Турмуш ўртоғимдан ҳам кечирим сўрайман», — дейди судланувчи суд мажлисида.

Суд ҳукмига кўра, С.Б. Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ҳамда унга нисбатан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, судланувчидан жабрланувчининг қонуний вакили Х.М. фойдасига жами 22 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарарлар ундирилиши белгиланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!