Андижонда блогер туҳмат, ҳақорат ва безориликда айланиб, 15 суткага қамалди

Андижонда блогер туҳмат, ҳақорат ва безориликда айланиб, 15 суткага қамалди

Facebook ижтимоий тармоғида «Отабек Нуритдинов» тахаллуси билан воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдириб келган фуқаро Абдуфатто Нуритдинов 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ маълум қилди.

Қуйида ушбу ҳолат бўйича Андижон вилоят ИИБ берган ахборот билан танишиш мумкин:

Фуқаро Э.Якубов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, Facebook ижтимоий тармоғи орқали «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт эгаси томонидан уни обрўсизлантирувчи, асоссиз ва туҳматдан иборат бўлган маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириб келаётганлигини, шу сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шунингдек, фуқаролар М.Исақова ва Ф.Бузруков ҳам Facebook ижтимоий тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт эгасига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.

М.Исақова ўз шикоятида 2019 йилнинг 18 октябрь куни унинг шахсиятини шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб, у ва унинг жамоасини «коррупсион ўчоқ» деб ҳақорат қилганлигини билдириб, туҳмат ва ҳақорат қилинганлиги, Ф.Бузруков эса ўзининг профили орқали «33 миллион аҳоли биттадан туфласа ҳам тупургига чўкиб ўласан, ойнага бир қарагин, яхшилаб эътибор бериб қарагин» деб ушбу профилга уни тасвирлаб, шахсиятига тегувчи «чўчқа» расмини жойлаб, уни қаттиқ ҳақорат қилганлигини билдирган.

Шунингдек, фуқаро Абдуфатто Нуритдинов 2019 йилнинг 30 декабрь куни соат 10:30 да жамоат жойи ҳисобланган Асака тумани Молия бўлимининг маъмурий биноси ёнида, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ҳокимият ва давлат идораларининг вакилларига ноўрин талаблар қўйиб, фуқаро Б.Қоҳҳоровни хақоратли, уятли сўзлар билан сўкиб, фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида фуқаро Абдуфатто Нуритдинов томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-(туҳмат), 41-(ҳақорат) ва 183-(майда безорилик) моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда Андижон вилояти маъмурий судига юборилган.

30 декабрь куни Андижон вилояти маъмурий судининг қарорига асосан фуқаро Абдуфатто Нуритдиновга нисбатан:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси билан БҲМнинг 30 баравари миқдорида (6,69 миллион сўм) жарима, 41-моддаси билан БҲМнинг 30 баравари миқдорида (6,69 миллион сўм) жарима солинган, шунингдек, 183-моддаси билан 15 сутка маъмурий жазо белгиланиб, ушбу жазолар Кодекснинг 34-моддаси қўлланилган ҳолда узил-кесил ўташ учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Андижон вилояти ИИБ


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!