Андижонда 5 ёшли қизчани зўрлаб, кейин уни ўлдирган педофилга ҳукм ўқилди

Андижонда 5 ёшли қизчани зўрлаб, кейин уни ўлдирган педофилга ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида, ёпиқ суд мажлисида жорий йилнинг 28 январь куни Пахтаобод туманида беш ёшли қизчани зўрлаб, кейин хонадонига кўмиб, қотилликни яширишга уринган 31 ёшли М.И.га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Дарё мухбири хабар бермоқда.

Суд давомида маълум бўлишича, судланувчи М.И. 2019 йилнинг 28 январь куни соат 09:15 ларда яшаш уйининг хонасида дарахт новдаларидан сават тўқиш билан шуғулланаётганида 2013 йилда туғилган ўғлини сўраб 2013 йилда туғилган С.К. исмли қиз кириб келган. М.И. қизчанинг ожиз аҳволда эканлигини билган ҳолда уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, унинг номусига тегиб, жинсий эхтиёжини ғайритабиий усулда қондиришга ҳаракат қилган. Натижада жабрланувчининг айрим органларига қон қуйилган. Қизча онасини ёрдамга чақириб бақирганида, эркак уни оғиз қисмини эгнида бўлган оқ рангли шарф ва қора рангли рўмоли билан беркитиб, ҳушсиз ҳолга келтириб, оқ рангли шарф ёрдамида бўйин қисмидан бўғиб, қасддан ўлдирган. Сўнгра тўкилган қонни қизнинг ички кийимига артиб, хонадаги оқ рангли синтетик матодан тайёрланган қопга кийимлари билан бирга солган, кейин ташқаридан кетмонни олиб кириб, хонанинг ер қисмини тахминан 50 60 см чуқурликда ковлаб кўмиб қўйган.

Суд тиббий экспертизасига кўра, С.К. ҳушини йўқотган пайтда унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлган, лекин М.И. жинояти ошкор бўлишидан қўрқиб қизни бўғиб ўлдирган.

Биламан ҳайвон қилмайдиган ишни содир этдим, дейди М.И. Бундай бўлишини ўзим ҳам истамаган эдим. Шайтон йўлдан урди. Барчасини англаб етганимда ўтиб бўлган эди. Қилган ишимдан пушаймонман.

Суд-психиатрия экспертизаси М.И. жиноят содир этган вақтда ўз ҳаракатларини бошқара оладиган, ижтимоий хавфлилик даражасини ҳис қиладиган, руҳий жиҳатдан соғлом бўлгани ва суд олдида жавоб бера олиши ҳақида хулоса берган.

М.И.нинг айби булардан ташқари ҳодиса содир бўлган жойни, нарсаларни кўздан кечириш ва олиш, гувоҳларни сўроқ қилиш баённомалари, маълумотномалар, фотосуратлар, ашёвий далиллар ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топган.

Суд ҳукмига кўра М.И. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми в, о бандлари (Айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни; бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида қасддан одам ўлдириш), 118-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш), 119-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан айбли деб топилиб, мазкур ҳужжатнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони дастлабки 2 йил муддати турма тартибида, қолган қисми эса умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!