Ана холос! Яккабоғда карантинга умуман амал қилинмаяпти (ФОТО)

Ана холос! Яккабоғда карантинга умуман амал қилинмаяпти (ФОТО)

Бугун эрталабдан акам қўнғироқ қилиб, машинада ёнилғи тугагани учун “заправка”га бориш кераклигини айтиб қолди. Ҳар эҳтимолга қарши автомобиль ҳаракат учун тайёр ҳолда бўлгани яхшида!

Ишончномам бўлганлиги учун ўзим боришга қарор қилдим. Зеро, касбим журналист бўлиб, бизга машинада юриш учун рухсат берувчи “стикер” берилишига ёки “стикерсиз” юришга рухсат берилмагани учун ярим ойдан буён ҳеч қаерга чиқмагандим. Фурсатдан фойдаланиб карантин жараёнига ва аҳолининг муносабатига қизиқдим!

Гарчи ҳукумат чекловлари, асосан, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларига тегишли бўлаётганига қарамай, Яккабоғ туманида ҳам мутасаддилар кўплаб амалий тадбирларга қўл урган. «Шаршарбоғот» маҳалласидан М39 ва А378 трассалари кесишган чорраҳада жойлашган газ шохобчасигача 2 та (Синнон қишлоғи ва маҳаллий аҳоли тилида “перекрёстка” деб аталувчи М39 ва А378 трассалари кесишган чорраҳада) патрул пост ташкил этилибди. Озиқ-овқат сотувчи дўконлар ва Эски Яккабоғдаги бозордан ташқари аксар савдо шохобчалари ҳамда ошхоналар карантин муносабати билан вақтинча ёпилган. Мактаб ва МТМлар ҳам шу жумладан. Муассасалар раҳбарияти иш ўрнида, холос.

Деярли ҳаммада ниқоб бор.

Бироқ, аҳоли карантин қоидаларига бефарқдек! Кўчаларда одам гавжум. Савдо дўконларида ҳам харидор етарли. Ҳаттоки, мактаб ўқувчиларини ҳам кўришингиз мумкин.

Жорий йил 6 апрелдан эътиборан Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилган “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи БИЗга тегишли эмасдек. Балки юридик жиҳатидан улар ҳақдир!? Яккабоғликлар ўз ишлари билан банд. 

 Кўчада ҳаракатланишда-ку майли, эски Яккабоғ қўрғончасидаги «Мустақиллик» маҳалласида жойлашган бозорда ёки шу атрофдаги дўконларда ҳам, қолаверса, Истиқлол, Ибн Сино, Гулистон, Синнон, Чинобод маҳалаларидаги савдо шохобчаларида ҳам  ҳеч ким 2 метрлик ижтимоий масофани сақлагани йўқ.

 Бозорга ташриф буюраётган ҳеч бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанганига гувоҳ бўлмадим. Ҳарорати 37° ва ундан юқори бўлган фуқароларни мажмуага киришига ҳеч  ким эътибор қаратмаяпти. Гарчи, йўлнинг нарги бетида туман Кўп тармоқли оилавий поликлиникасининг 1-сонли Оилавий поликлиникаси жойлашган бўлса-да!

  65 ёшдан юқори ёшда бўлган кексалар ва сурункали касаллиги бўлган фуқароларни кўришингиз мумкин.

Афсуски, Эски Яккабоғ автошохбекатида, бозор ва савдо мажмуаларида дезинфекция ишлари кетаётганига ҳам кўзим тушмади.

Ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ҳам кўчада юрганига гувоҳ бўлдим. Исмини айтишни истамаган 2 нафар ўқувчи дорихонага дори олиш учун, яна 1 нафар ўқувчи нон сотиб олиш учун кетаётганини важ кўрсатди. 

Синнон қишлоғидан ўзини Баёзбек деб таништирган 1-синф ўқувчиси ручка олиш учун дўконга чиққанини айтди.

Қолаверса, кўплаб ўқувчилар йўл чеккасида мол боқиб юрганига нима дейсиз?!

Ахир, уларни касалланиб қолишининг олдини олиш учун ҳукуматимиз мактабларни вақтинча ёпди-ку! Телевидения орқали мунтазам on-line дарслар эфирга узатилмоқда. Буларга аҳолининг жавоби шуми?

Карантин тартибини туманларда ҳам бироз қатъийлаштирадиган вақт келди, адашмасам!

Мутасаддиларга ушбу мақоламиз орқали Яккабоғ мисолида барча туманларда ана шунга ўхшаган муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқликни истадик. Шунинг учун жорий этилаётган чекловларни фақатгина Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларига эмас, туманларга ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқ! Шундагина, кўзланган мақсадимизга тезроқ эришамиз!

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов “Ўзбекистон 24” каналида маълумот берганидек, бир кишидан 46 нафар одамга коронавирус тарқани каби ҳолатларнинг олдини оламиз! (А.Шодмоновниг маълум қилишича, 27 март куни Андижонда касаллиги аниқланган шахсдан ота-онасига коронавирус юққан. Унинг отаси яна 36 ҳамкасбига коронавирусни ўтказган. Ҳамкасбларидан бири 4 нафар қариндошига юқтирган. Ундан ташқари яна мулоқотда бўлганлардан 3 кишига касаллик ўтган.)

Шу ерда яна бир ҳолатга эътиборларингизни қаратишни мақсадга мувофиқ деб билдим. Патрул-пост ташкил этишдан мақсад ҳаракатдаги автомобилларни изига қайтариш ёки жаримага тортишми? Мақсад – аҳолини бемақсад ҳаракатининг олдини олиш эмасми? Бизнинг туманда бу айрим учар бизнесменларнинг ариғига сув қуйишда ҳам фойдаланилмоқда! Қандайлигига қизиқмоқдамисиз? Аҳоли Эски Яккабоғдан туман марказига бориш учун Синнондаги постгача битта транспортга миниши, у ерда тушиб постни нарги томонидан “перекрёстка”даги постгача бошқа транспортга ўтириши, у ердан бошқа автомобиль хизматидан фойдаланиши зарур. Карантинда ҳам фаолият юритаётган ходимларнинг аҳволини тушунаверинг энди! Таксилар пост олдида тайёр! Ўйлайманки, мутасаддилар бу масалага ҳам эътибор қаратишади.

Ўролжон Камолов тайёрлади.

Манба: nnews.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!