Ана холос! Хорижий мамлакатлар ўз сайёҳларига Ўзбекистон тўғрисида салбий маълумотлар бермоқда

Ана холос! Хорижий мамлакатлар ўз сайёҳларига Ўзбекистон тўғрисида салбий маълумотлар бермоқда

Хорижий мамлакатлар ташқи ишлар вазирликларининг сайёҳлар учун расмий тавсияномалари ўрганиб чиқилди. Таҳлил натижасига кўра, сайёҳларга Ўзбекистон тўғрисида нохолис, эскирган маълумотлар тақдим этилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг 20-ялпи мажлисида сўз борди.

Маълум қилинишича, жами 66та давлатнинг расмий идоралари томонидан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун тавсияномаларида мамлакат ҳақида салбий тасаввурни шакллантирувчи маълумотлар кўрсатилмоқда. Хусусан:

─ Ўзбекистоннинг Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон билан чегарадош айрим ҳудудларида, жанубий сарҳадларда ва Фарғона водийсида беқарор ҳолатлар, террористик ҳаракатлар билан боғлиқ хавфсизликка жиддий таҳдидлар мавжудлиги тўғрисида асоссиз маълумотлар берилган;

─ мамлакатнинг аҳоли гавжум жойларида – бозорлар, поездлар, жамоат транспортидаги талончилик ва киссавурлик ҳамда фирибгарлик ҳолатлари мавжудлиги эътироф этилган, бундай ҳолатлар туристик мавсумда авж олиши таъкидланган. Ўзбекистон ҳукумати томонидан жиноятчиликнинг аниқ кўрсаткичлари қайд этилган маълумотлар расман нашр этилмаслиги ҳамда маълумотларнинг катта қисми норасмий манбалар орқали шакллантирилишига ҳам эътибор қаратилган;

─ айрим хорижий мамлакатлар виза режими қоидаларини бузганлик учун сайёҳлар маъмурий жавобгарликка тортилиши, шу жумладан уларга катта миқдорда жарима солиниши, баъзида узоқ давом этадиган суд жараёнларига жалб қилиниши, кейинчалик эса депортация каби жиддий оқибатларга олиб келиши ҳамда виза муддатини узайтириш имкониятларининг мавжуд эмаслиги ёки чекланганлиги ҳақида ҳам сайёҳларга огоҳлантиришлар мавжуд;

─ хорижий мамлакатлар соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистонда тиббий ёрдам барча жойларда мавжуд эмас ва унинг сифати жуда паст даражада деб ҳисоблашади, шунингдек, Ўзбекистонда даволанишнинг ҳеч қандай услубини қўлламасликни тавсия этишади;

─ Ўзбекистонда транспорт ва инфратузилма соҳасида хавф-хатарлар мавжуд, йўллардаги шарт-шароитлар қониқарсиз, йўлларнинг ёритиш даражаси паст, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмайди;

─ республикадаги жамоат бинолари, аэропортлар, қўприклар ва метро бекатларида суратга тушиш ман этилганлиги, телефон хизматлари тизимининг беқарорлиги ва ушбу хизмат турининг меҳмонхоналарда қимматлиги, электр тармоғида, айниқса, қишлоқ жойларида тез-тез узилишлар содир бўлиб туриши тўғрисида ахборот мавжуд.

Бундан ташқари, деярли барча мамлакатлар Ўзбекистонга ташриф олдидан етарлича нақд пул олишни тавсия этишган ва йўл чеклари, кредит карталаридан пойтахт марказидаги чекланган банк муассасалари ёки замонавий меҳмонхоналардан бошқа жойда фойдаланишнинг имкони йўқлигига эътибор қаратилган.

Сенат аъзолари муҳокамаси хулосасига кўра, мазкур масалаларни ҳал этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси бош вазирига парламент сўрови юборилади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилгача Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!