Ана холос! Усмон Азим ва Маҳмуд Тоир ЙТҲга учраган автомобиль рулида аёл киши бўлган...

Ана холос! Усмон Азим ва Маҳмуд Тоир ЙТҲга учраган автомобиль рулида аёл киши бўлган...

27 апрель куни Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф таваллудининг 65 йиллиги муносабати билан шоир номи билан аталган хиёбон очилди. Юбилейга келган меҳмонлар хиёбондаги тадбирдан сўнг шоир туғилиб ўсган Марҳамат туманига боришган. Учрашувдан қайтишаётганда Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим ва Маҳмуд Тоир, шунингдек, шоир Нодир Жонузоқ ўтирган машина автоҳалокатга учраган.

Kun.uz маълум қилишича, берилганига бир ҳафтача бўлган яп-янги Нексия-3 енгил машинаси рулида Андижон вилоят ёзувчилар уюшмаси раисаси Хуршида Қўчқорова бўлган.

Тўғри, Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари вилоят марказида ташкиллаштирилган эл суйган шоирни хотирлаш тадбири кўтаринки руҳда ўтиши, меҳмонларга совға-саломлар масаласида ёрдам қилишган, аммо республикамизнинг бошқа шаҳарларидан келадиган меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш ва кузатиш ишларига лоқайд муносабатда бўлишган.

Бу ишлар тўлиқ Хуршида Қўчқорованинг гарданига тушган. У икки кун давомида деярли ухламасдан барча ишларга ўзи югуриб-елиб ҳаракат қилган. Масалан, поезд пойтахтдан кечаси соат 23:30да Андижонга етиб боради. Икки кун мобайнида у аёл боши билан бир ўзи меҳмонларни кутиб олиб, жойлаштириш ишлари билан машғул бўлган.

Марҳамат туманида ўтган тадбирларда эса хавфсизлик тартиб-қоидаларига мутлақо амал қилинмаган. Муҳаммад Юсуфнинг уйига элтувчи йўл вилоятлардан келган минглаб мухлислар ва уларнинг автомашиналари билан тўлиб кетган. Балким туманнинг кучи етмас, аммо вилоятдаги ички ишлар органларидан тартибга солиб турувчи бирор ёрдамчи куч ажратилмаган.

Бизга тасвирлаб беришларича, Муҳаммад Юсуфнинг хонадони одамларга тўлиб кетган. Оёқ босишга жой қолмаган. Айниқса, шоир дафн этилган қабристонга ҳам одамлар ёпирилиб кириб, бошқа қабрлар оёғости бўлишидек хунук манзара кузатилган.

Агар Андижон вилоят ҳокимлиги мазкур тадбирни режали қилиб ташкиллаштирганида, масъуллар тайинланганида, айтайлик, катта-катта шоирлар ва бошқа меҳмонларни ЙПХ ходимлари кузатувида олиб боришганида, албатта бу тадбир йўл-транспорт ҳодисасиз, чиройли ўтган бўлар эди, деб ёзади нашр.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!