Ана холос! Олтиариқдаги боғчада болалар қалин кийимларда ухлашмоқда

Ана холос! Олтиариқдаги боғчада болалар қалин кийимларда ухлашмоқда

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Янгиараб қишлоғида жойлашган 23-мактабгача таълим муассасасида болалар совуқ хоналарда қалин кийимларини ечмай ухлашмоқда.

Turon24 мухбирлари ушбу боғчадаги ҳолатни ўрганишган.

«Боғчамиз 120 ўринли. Ўтган йили хоналар алоҳида темир печкаларда, ўтин ва кўмирда иситиларди. Туманда республика ишчи гуруҳи фаолият олиб борганида боғчамизнинг иситиш тизимини ҳам таъмирлашга киритишди. Мана бир неча кун бўлди, 4 та иситиш қозони қурилди. Улар 6 та хонани иситяпти. Аммо ҳали таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмади. Қозонхонанинг томини ёпишимиз керак», – деган боғча мудирининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Саида Қўшоқова.

Мактабгача таълим муассасаси ҳамшираси Моҳира Султонова хоналардаги ҳарорат 25 даражадан юқори бўлиши кераклигини айтган. Лекин унинг назоратидаги хонада термометр йўқлиги учун ҳароратни ўлчашнинг имкони бўлмаган. Тарбиячи Фарида Жўраева раҳбарлик қилаётган 2-катта гуруҳ хонасига эса ишламайдиган термометр қўйилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, хоналар иссиқ, болалар совқотмайди.

Аммо хоналар етарли даражада иситилмагани учун ҳам тарбияланувчилар қалин уст-бошда ухлашмоқда.

Саида Қўшоқова куз-қиш мавсуми учун 20,5 тонна брикет ва 10 тонна кўмир олиб келингани ҳақида айтган.

Аммо кўмирнинг сифати ҳақида бирор нима деёлмаслигини билдирган.

Олтиариқ тумани мактабгача таълим бўлими мудири Холисхон Апандиеванинг айтишича, тумандаги 40 та мактабгача таълим муассасаси куз-қиш мавсумига шай.

«Шу кунгача барча боғчаларимизга режадаги 943 тонна кўмир ва брикет етказиб берилди. Мавсумни беталофат ўтказиш учун 10 та боғчада 27 та иситиш қозони қурилди. Қозонхоналар учун 156 миллион 400 сўм, иситиш тизимини таъмирлаш учун 277 миллион 600 сўм сарфланди. Туманда 6та боғча тўлиқ табиий газ билан иситилади. 9 та мактабгача таълим муассасасининг иситиш тизими табиий газ ва кўмирга мослаштирилган», – деган Холисхон Апандиева.

Маълумот учун, Олтиариқ туманида 40 та мактабгача таълим муассасасида 5820 нафар бола тарбияланмоқда. Туманда боғча ёшидаги 15300 нафар бола мактабгача таълим муассасасига қатнамайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!