Ана сизга олимнинг гапи: 25 йил "ухлаганимиз" ростми?

Ана сизга олимнинг гапи: 25 йил "ухлаганимиз" ростми?

Шукрона айтиш – фазилат, ношукрлик – катта қусур. 

Ҳамма замонда ҳам тўғри қадам ташлаб, ҳалол ишлаганлар ва мақсадига етганлар албатта шукрона айтишларини, шу билан бирга бирор ишни уддалай олмай, кимларгадир ялтоқилик қилиб кун кечирганлар ношукрлик қилганларини кўп кузатганмиз. Шукрона қилгувчилар кўп гапирмайди, кимгадир яхши кўриниш учун бўлар-бўлмасга ёзғиравермайди. Ўзи бирор ишни ёлчитмаган ношукрлар эса... 

Очиғини айтиш керак, Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда сўнгги ўн йилликларда қалашиб кетган муаммоларни дадиллик билан ҳал этишга киришар экан, қатор соҳаларда йўл қўйилган хатоликлар, қайсидир мутасадди ва масъул раҳбарларнинг жиноятларини дангал фош этиб ташлади. “Шунча вақт ухлаганлар”ни, юртимизни талон-тарож қилганларни аёвсиз танқид қилди. Давлатимиз раҳбари ўтмиш хатоларини ошкор этиш, танқид қилиш билан бир қаторда юрт истиқболи, халқимиз келажагини ўйлаб амалга ошираётган ислоҳотлари беқиёсдир. Буни биргина Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. 

Танқидий-таҳлил ҳар қандай ишимизга холис баҳо берувчи мезондир. 

Бироқ, салла деганда калла олишга устаси фаранглар бундан 15-20 йил аввал Биринчи Президентимизга қандоқ хушомад уришган бўлса, бугун худди шундай давлатимиз раҳбарига яхши кўринишга интилаётганини ҳам очиқ-ойдин айтишимиз керак. 

“Ўзбекистон” телеканалида намойиш этилган навбатдаги “Муносабат” кўрсатуви Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир” сарлавҳали маърузаси мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланди. 

Кўрсатувда бир олим ўйламай-нетмай такрор-батакрор: “25 йил ухладик...” деса бўладими?! 

У бу гапини нима мақсадда, кимга қарата айтганини тушунмадик... 

Шу гапни гапирган одамнинг ўзи энди уйғониб қолдимикин? Худо умр берса, яна шунча йил ўтиб нималар дер экан? Балки бугунги кунимизга ҳам ўша даврдагиларга ёқадиган қилиб тош отишнинг уддасидан чиқар... 

Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир, деган ҳикмат бежиз айтилмаган! 

Ҳақиқатнинг кўзига тик қараб айтадиган бўлсак, юртимиз мустақиллигининг дастлабки 25 йилида миллионлаб виждонли инсонлар ухлагани йўқ! Улар ҳатто ғафлатда ҳам қолганлари йўқ. Собиқ мустабид тузумнинг нақадар муракаб ва оғир мафкурасидан қутулиб, ўз тараққиёт йўлимизни топиш, рамзий маънода айтганда, дарё ўз ўзанига тушиб олиш жараёни осон кечмади. 

1991 йил воқеалари ҳамон кўз олдимиздан кетган эмас, кетмайди ҳам! Юртимиз мустақиллиги эълон қилинган даврда энди буёғи қандоқ бўлишини кўпчилик тасаввурига ҳам сиғдира олмаганди. “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган умидбахш сўзларнинг моҳиятини теран тасаввур этиш қийин эди. 1995 йилгача мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган улуғвор ишларнинг қиёси йўқ эди. Бу ишларни эса миллионлаб деҳқонлар, ишчи-хизматчилар, бунёдкорлар, йўлсозлар ва бошқа касб эгалари бир тан-у бир жон бўлиб амалга оширганлар. Натижада қанча замонавий уйлар, банклар, 10 мингга яқин мактаблар, спорт майдонлари, заводлар, қўшма корхоналар ва бошқа иншоотлар бунёд этилганига ҳаммамиз гувоҳмиз-ку. Наинки гувоҳ бўлиш, балки, ўша бунёдкорлик ишларида виждонли, ориятли замондошларимизнинг ҳиссалари, меҳнатлари кам эмас. Ҳамма иш заҳматкаш халқимизнинг куч-қудрати ва шижоати билан амалга ошмадими? Имом Бухорий мажмуасидан тортиб ўнлаб бетакрор зиёратгоҳлар қад ростламадими? Қанча масжиду мадрасалар шаҳару қишлоқларимизга файз киритмадими? Шу давр орасида юртимизда ишлаб чиқилган энг замонавий енгил машиналарга кўчаларимиз торлик қилиб қолгани боис қанча кўприклар бунёд этилмадими? Тезюрар поездларимиз Қашқадарёдан Сурхондарёга тўғри борганида, улкан тоғни тешиб, водийга темир йўл орқали бориш насиб этганида бошимиз кўкка етмадими? Халқаро спорт майдонларида Ўзбекистон байроғи ҳилпираганида қувонмадикми? Мамлакатимиз мудофаа қудрати юксалиб, чегараларимиз дахлсизлигини ўзимизнинг миллий армия таъминлаётганининг қиёси бормикин? 

Айтаверсак адоқсиздек кўринган ютуқларга осонликча эришганимиз йўқ-ку! Бу миллионлаб ватанпарвар халқимизнинг заҳматли меҳнатлари эвазига қўлга киритилган беқиёс бахтимизни энди камситишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Шу улуғвор ишларнинг уддасидан чиққанлар энди “ухлагандик” деган маломатга қандоқ чидаши мумкин? 

Ўша давр оммавий ахборот воситаларида худди шу воқеликлар ўз аксини топгани ҳам айни ҳақиқатдир. Демак, журналистлар ҳам ухламаган! 

Қайсидир оғзиботир “ухладик” деса, демак, ўзининг кўзи юмуқ бўлгандир... Бироқ, бунақа иддаоси билан ҳамиша қалби уйғоқ бўлган замондошларимизни ранжитишига тоқат қилиб бўлмайди. 

Деҳқонлар ҳечам ухламаган! Улар ғоят оғир шароитларда мижжа қоқмай ишлаганлари боис сархил маҳсулотлари йил-ўн икки ой бозорларимизни тўлдириб турибди! 

Қанча иморатлар, иншоотлар бунёд этишган қурувчилар ҳам ухлаганлари йўқ! 

Ўқитувчилар, шифокорлар, умуман, барча зиёлиларни асло “ухлаган”га чиқариб бўлмайди! Бу уларга нисбатан ҳақорат ҳисобланади. 

Мамлакатимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаб турган, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида енг шимариб юрганлар ҳам ҳамиша уйғоқ! 

Ҳатто, тараққиётимизга тўғаноқ бўлиб келган айрим мутасаддилар ҳам ухлагани йўқ, улар кўзлари олазарак бўлиб эл мулкини талон-тарож қилганлари ошкор бўлди-ку... Шуларнинг касофатига муаммоларимиз қалашиб кетганди... 

Аслида, ҳар куни туғилиш ва кексайиб ўлиш, ҳаёт ташвишлари бор экан, шунга яраша муаммолар ҳам пайдо бўлаверади. Биргина оилада қанча муаммо бўлса, умумий оиламиз ҳисобланмиш – мамлакат миқёсида ундан ҳам каттароқ бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Энди ўша муаммоларни ҳал этиш ўрнига уни баттар мураккаблаштирган, халқига хиёнат қилган мутасадди-мансабдорларни асло оқлаб бўлмайди. Уларнинг касрига халқимиз йиллар давомида анча азият чеккани ҳаққати рост. 

Хўш, бу қандай муаммолар эди, деган саволга давлатимиз раҳбари очиқ-ошкор айтганларини тинглаб енгил тортдик. Биз ўз вақтида айта олмаган ва айтганимиз билан ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайдиган муаммолар ҳам кўп эди. Яъни, электр нури етишмай, қишлоқларимиз тунлари зулматда қолганини ёзганимиз билан чироқларимиз ёниб қолмасди. Ёнмаган ток ва табиий газ учун одамлардан, ҳатто, пенсиялардан аёвсиз “уриб қолиш”дек талончиликлар авж олгани ҳақида бонг ура олмадик. Бироқ, ҳақ-ҳуқуқини билиб мурожаат қилган фуқароларни Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳимоя қилганларини кўп кузатганмиз. 

Аянчли муаммоларимиздан яна бири: жамоа хўжаликлари тарқатилиб, ўрнида деҳқон-фермер хўжаликлари пайдо бўлгач, кўпчилиги шу ишни уддалай олмадилар. Ҳатто, маошини эплаб ололмадилар. Қайсидир мутасаддиларнинг айби билан деҳқонларнинг қўлига пул берилмай қўйди. Баъзи жойлардагина деҳқонларнинг меҳнатлари эвазига гоҳида буғдой, ёғ ва бошқа маҳсулотлар, жилла қуриса, ғўзапоя берилди. Деҳқонлар шунга ҳам шукр қиладиган бўлишди. Ноилож ўзга ўлкаларга иш излаб кетганлар ҳам кам бўлмади. Ана шу ҳол бугун яна деҳқонларга муаммога айланмоқда. Яъни, маълум ёшга етиб пенсияга чиқмоқчи бўлган деҳконлар аросатда. Уларга пенсия пулини ҳисоблаб чиқиш учун даромадлари ёзиб қўйилган зарур маълумотномалар йўқ ҳисоби... 

Таълим тизими ҳам устамонлик билан издан чиқарилди. Ўқувчи билимини баҳолашнинг тайёр усули ҳаммага маъқул эди. Мактабдан келган ўғил-қизининг “Кундалик дафтари”ни текшириб турадиган ота-оналар улар олган баҳоларига бефарқ эмасдилар. Рейтинг деган бало чиққач, талаб қилинадиган балларни ота-она тугул ўқитувчилари ҳам анча пайтгача тушуна олмай абгор бўлдилар. Натижада, мактаб билан оила ўртасига айро тушди. Ота-оналар болаларининг қай даражада билим олаётганларини назорат қилолмай қолдилар. 

Олий ўқув юртига киришда тест деган бало – коррупция ўчоғига айланди. Тест саволлари ва жавобларини тайёрлаганлар ўша “тайёр жавоб”ларни сотиб, пулдан хирмон ясаганларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Натижада, олий таълим муассасалари асосан пулдорларнинг илмга умуман қизиқмайдиган болалари билан тўлиб кетди. Уларнинг мақсади боласини билимли қилиш эмас, балки, диплом олиб бериб, бирор мансабга ўтқизиш ва мамлакатини, халқини талон-тарож қилишни давом эттириш эканлигини ким билмайди? 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бу фожеаларга барҳам бериш мақсадида “Тест балосидан воз кечамиз!” деган сўзлари ҳақиқий зиёлиларда умид уйғотган эди. Айнан “Муносабат” ва бошқа кўрсатувларда бу борада жуда кўп таклифлар айтилди. Модомики, тестнинг жавоби ҳам ишлаб чиқилар экан, у албатта ўғринча сотилиши, мутасаддилар “шаффофлик бўлади” деб ҳарқанча ваъда бермасин, устамонлар қилғилиғини қилавериши ҳақида кўп гапирилди. Минг афсуски, ҳозиргача “тестни такомиллаштириш” авж олса оляптики, камаймаяпти. Натижада, сўнгги пайтда коррупция ботқоғига ботган 1170 дан ортиқ мансабдорларнинг асосий қисмини олий ўқув юртлари мутасаддилари ташкил этишини ҳамма билади. 

Билим олишга қизиқмаса-да олий ўқув юртларига нопок йўллар билан кирган ёшларнинг дили покланиб қолишига ким ишонади? Онги-шуури заҳарланган шундай ёшлар ҳақида устоз Омонулла Мадаевнинг хулосаси жуда ўринли. Яъни, минг-минг доллар бериб ўқишга кирганлар ҳеч қачон ватанпарвар, халқпарвар бўлолмайди. Улар фақат “пулпарвар” бўлиши турган гап. Шунча доллар сарфлаб ўқишга кирган бола уни чиқариб олиш учун ҳеч нарсадан тоймайди. Ўзи ҳам олиб ўргандими, бас, энди у каттарганида каттароқ олмаса чидолмайдиган бўлиб қолади. Демак, ҳалиям урчиб ётган коррупциянинг илдизларини батамом тозалашга эришиш учун ҳали кўп курашишимизга тўғри келади. 

Бу каби муаммоларнинг қалашиб кетгани ва коррупция авж олиши ҳеч қанақа “ухлаш” билан изоҳланмайди. Мамлакатни талон-тарож қилганлар ёки таълим тизимини издан чиқарган, коррупцияни авж олдирганлар ҳам “ухлаган” эмас. Аксинча, уларнинг кўзлари мошдек очиқ эди... Шу оч кўзлари бойликка тўймай ҳаммани абгор қилишганини минг айтганинг билан ўрнига тушмайди...

Коррупция ботқоғига ботган мансабдорларга, таъбир жоиз бўлса, баъзи зўравонларга қарши дадил, очиқ-ошкора курашишга зиёлилар-у журналистлар ожиз қолганимизни тан олиш кифоя... Бироқ, ўшанда ҳам ҳеч ким ухлагани йўқ! Ўша “ухладик” деган олим ҳам ўнлаб китоблар ёзибди! У таълим соҳасини ривожлантириш учун анча-мунча ишлар қилганини фахрланиб айтганини ҳамма эшитди. 

Бир ҳамкасбимиз бироз қизишиб 25 йил мобайнида ОАВда ёритилган барча ахборотларни “жаннатдан хабарлар” деб юборганида журналистларимиз ва шу юрт тараққиётида самарали ҳисса қўшиб келишган зиёлиларимиз жуда ранжишди. (Бу гапни аслида олис ва совуқ ўлкада Ўзбекистоннинг мустақил давлат бўлганини кўролмай юрган бир жиззаки оғзига эрк бериб гапирганди, энди уни такрорлашга ҳожат бормикин?) Ахир, мураккаб ўтиш даврида амалга оширилган эзгу ишлар ҳақида фахр билан мақолалар, хабарлар ёзган бўлсак нимаси ёмон? Кимдир ҳаяжон ичра бироз ошириб-тошириб ёзгандир. У ҳам ўз ҳақиқатини, қалби буюрганини ёзган! 

Юқорида қайд этилган муаммоларни очиқ ёзганинг билан ОАВда ёритиш имкони бўлмагандир. Шунда ҳам бирор марта танқидий мақола ёки кўрсатув ёритилмаган, дейиш қанчалик тўғри? Ахир, танқидий-таҳлилий мақолаларнинг кўпини ўқиб, хулосалар чиқарар эдик-ку. Қани, 25 йиллик газеталаримиз тахламларидан “жаннатдан хабарлар” деган гапга мос тушадиган бирорта мақола топиб кўрсата оласизми? Қизиғи шундаки, айнан ўша гапни айтган ҳамкасбимизнинг ўзи ҳам мураккаб даврларда ўнлаб долзарб мавзуларда мақолалар ёритган, танқидий-таҳлилий кўрсатувлари шов-шув бўлган эди-ку. Қолаверса, ўзлари ҳам ортда қолган чорак асрда олим ва журналист бўлиб етишган, жамият тараққиётига озми-кўпми ҳисса қўшганлар, хизматларига яраша унвонлар олишган. Демак, ўзлари ҳам ухламаган! 

Унда кимни “ухлаган”га, қайси мақола ё кўрсатувни “жаннатдан хабар”га чиқаришмоқда?! Қани бу гапларда мантиқ? 

Дангалини айтадиган бўлсак, бугун ҳам ухлайдиганлар ухлаб, қалби уйғоқ замондошларимиз ҳаётга теран назар билан боқиб туришибди. 

Жамият ёлғон-яшиқ гаплар билан ҳеч қачон ривожланмайди. 

Одамда тушкун кайфият уйғотадиган гаплар асло яхшилик келтирмайди. 

Кўтаринки руҳгина инсонга мадад ва куч-қувват бағишлайди. Шундай экан, чорак аср заҳмат чекканларнинг нафсониятига бунақа бўлмағур гаплар билан тегиш ярамайди. Ким хато қилган бўлса ўзи жавоб берсин, жиноят ботқоғига ботганлар жазосини олсин. Бироқ, ҳеч қачон ҳаммани “ухлаган”га чиқариб одамларни ерга урманг! Буюк келажакни ҳам мана шу мард ва олижаноб, қалб кўзлари уйғоқ халқимизнинг ўзи қуради! 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жасорати ва ташаббуслари билан мамлакатимиз бугун тараққиёт сари дадил илгарилаб бораётган экан, шунга яраша сиз ҳам мард ва олижаноб бўлишга интилинг! Кечаги кунимизга тош отиш ўрнига эртанги умидли йўлларимизни чароғон қилиш ҳақида ўйласангиз ва гапингизни ҳам ўйлаб гапирсангиз мақсадга мувофиқ бўларди. 

Фикрлар, баҳслар майдонига айланган “Муносабат” кўрсатувида айтишни истаган мухтасар гапларим шулардан иборат эди. 

Manba: ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!