Ана сизга муаммо! Салкам 800 ўқувчи янги ўқув йилида қаерда таълим олади?

Ана сизга муаммо! Салкам 800 ўқувчи янги ўқув йилида қаерда таълим олади?

Мукаммал таъмирланиш жараёнида бўлган Қўшработ туманидаги 784 ўринли 82-мактабдаги ҳолат билан танишар эканмиз, бу савол бот-бот хаёлимизга келди.

Мактаб таъмирланиши май ойида бошланган. Жорий йилнинг 1 сентябрига қадар бир қисми, октябрь ойигача тўлиқ тугалланиши режалаштирилган. Аммо туман мутасаддилар ҳам мактаб таъмирланиши ўз вақтида якунланишига ишонмайди. Янги эшик ва ромлар тўлиқ ўрнатилмаган, синфхоналар тайёр эмас. Ҳолбуки, янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди.

– Ҳақиқатан ҳам белгиланган муддатда таъмирлаш ишлари якунига етишига ишониш қийин, – дейди Қўшработ тумани халқ таълими бўлими эксплуатация бўлими бошлиғи Сувон Ширинбоев. – Сабаби, бу борада ишлар суст кетмоқда.

Ушбу таъмирлаш ишлари ҳужжатда «Оқдарё бунёдкор қурувчи сервис» МЧЖ томонидан тендерда ютиб олингани, 2 миллиард 822 миллион сўм маблағ сарфланиши акс этган. Аммо негадир таъмирлаш ишлари «Турон КТК» МЧЖ ишчилари томонидан олиб борилмоқда.

Ўзини прораб, деб таништирган Икром Ёрқулов «Турон КТК» МЧЖ ходими экани ва ҳозирда 40 дан зиёд ишчи таъмирлаш ишларида иштирок этаётганини таъкидлади. Аслида ҳужжатда таъмирлаш ишлари «Оқдарё бунёдкор қурувчи сервис» МЧЖ томонидан олиб борилаётганиқайд этилганини айтиб, ундан изоҳ сўраганимизда тайинли жавоб олишнинг имкони бўлмади. Туман ХТБ бўлими бошлиғи С.Ширинбоев бу икки фирма бир кишига тегишли эканини айтиб, масалага “ойдинлик киритди”. Ҳар ҳолда ҳужжатда бошқа, амалда эса ўзгача ҳолат.

Мактабни таъмирлаш лойиҳасида ҳам бир қатор камчиликлар мавжуд. Яъни лойиҳа «Эскисини ол, ўрнига янгисини қўй» қабилида тузилган. Ҳеч қандай замонавий янгилик киритилмаган. Мисол учун, синфхоналарнинг ташқарига қараган томонида 3-4 та катта дераза ромлари мавжуд. Қизиғи, коридор тарафида ҳам шундай. Ўқувчилар деразалар билан ўралган синфда таълим олишади. Ахир, коридордан ўтган ҳар бир киши ўқувчиларнинг хаёли бўлинишига сабаб бўлмайдими? Ёруғлик кераклиги назарда тутилган бўлса, коридор томонидан синф деворининг юқори қисмидан кичик деразалар, яъни «форточка»лар қўйилиши мақсадга мувофиқ. Сарф харажат ҳам камаяди, масалага ҳам ечим топилади.

Мактаб зиналарида ҳам катта дераза ромлари ўрнатилган. Ярмидан кўп қисми зина ортидақолиб кетган. Аслида юқоридаги каби «форточка»лар ўрнатилиши лозим. Зина ортида қолиб кетган дераза қисмидан нима наф?

Мактабнинг таъмирланиши вилоят инжиниринг компанияси буюртмаси билан «Ҳилоллойиҳа» хусусий корхонаси томонидан лойиҳалаштирилган.

– Камчиликларни бартараф этамиз, – дейди биз билан телефонда суҳбатда корхона раҳбари Ибодулла Ортиқов. – Қурувчиларга айтиб, ҳаммасини ҳал қиламиз.

Эндими? Шунча сарф-харажат, меҳнат-чи? Бу каби ҳолатларни лойиҳалаш жараёнида пухта ўйлаш керакмасмиди, аслида?

Таъмирлаш жараёни кечикмоқда. Белгиланган муддатда якунига етмаслигини туман мутасаддилари ҳам англаб турганини юқорида таъкидлаб ўтдик. Аммо масалага қандай ечим топилади?

– Биз ҳам таъмирлаш ўз муддатида якунланиши тарафдоримиз, – дейди мактаб директори Мамарайим Темиров. – Аммо ҳолатни кўриб турибсиз. Агар 1 сентябргача маълум бир қисми якунига етса, икки сменада ўқишни ташкил этиб, масалага ечим топишга ҳаракат қиламиз.

Ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Туман мутасаддилари бу масалага тезроқ ечим топиши зарур. Акс ҳолда бу 800 га яқин ўқувчининг сарсон-саргардонлигига сабаб бўлади. Ўз ўрнида бу ҳолат уларнинг фанларни ўзлаштиришига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Manba: zarnews.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!