Амир Темур ғорига элтувчи йўл нега аянчли ҳолда қолмоқда? Мутасаддиларнинг аниқ режаси борми?

Амир Темур ғорига элтувчи йўл нега аянчли ҳолда қолмоқда? Мутасаддиларнинг аниқ режаси борми?

Жамиятдаги муаммолар ўз вақтида аниқланмаса, уни бартараф этиш чора-тадбирлари тезкорлик билан амалга оширилмаса, вақт ўтиши билан у муаммо тузалмас дардга айланади. Бунинг ортидан эса, аввало, халқ қийналади. Ортиқча вақт, маблағ ва саломатлик кетади. «KUN.UZ» таҳририятига келиб тушган мурожаатлардан бири Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан йўлланган. Унда кўплаб қишлоқларни туман маркази билан боғлаб турувчи йўл жуда аянчли ҳолатга келиб қолгани, автомобиль эгаларига моддий зарар етказаётгани ва энг муҳими, сайёҳларни қизиқтириб келган Амир Темур ғорига мана шу йўл орқали борилиши куюниб ёзилган.

Мактубда шундай дейилади: «Ассалому алайкум. Мен Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Калтакўл қишлоғида туғилганман. Мавзу ҳам айнан шу туман ҳақида. Мен ишим туфайли 22 йилдан буён Тошкент шаҳрида яшайман. Ҳар сафар қишлоғимга борганимда, туман марказидан токи қишлоғимизгача бўлган йўлнинг аҳволини кўриб, шу йўл бўйлаб жойлашган қишлоқларда яшаётган одамларга ич-ичимдан раҳмим келиб, ачиниб қайтаман.

Ушбу йўл таъмирланиб ҳолатда, йўл бўйлаб етарли инфратузилма ташкил қилинса, биринчи навбатда, шу ерда яшаётган аҳолининг яшаш шароити бир қадар енгиллашарди. Иккинчидан, дарё бўйлаб тоққа яқин жойларда дам олиш зоналари ташкил қилинса, у ерга қанча одам келиб ҳордиқ чиқариши, қанча одам иш билан таъминланиши мумкин. Учинчи жиҳати, ҳудудда экотуризм ривожланади. Ҳисор тоғ тизмасида жуда ажойиб табиат гўзалликлари, шаршарлар мавжуд».

"Кун" нашри ҳолат билан яқиндан танишишга қарор қилди.

Яккабоғ туман марказидан худди шу йўлдан юриб, Тошқўрғон қишлоғи, ундан кейин Амир Темур ғорига борилади. Туман марказидан мурожаатчи яшаётган Калтакўл қишлоғигача 30 километрлик йўл бўлиб, шу масофада 10дан ортиқ қишлоқ жойлашган. Йўлнинг 26-27-километрларидан бошлаб, Ҳисор тоғ тизмаси этаклари бошланади. Ана шу йўлдаги ўнқир-чўнқирлар, ваҳимали жарликлар кишини таажжубга солади, беихтиёр ҳайратлантиради. Эски асфальт у ёқда турсин, ҳатто у «йўл» кўринишини ҳам йўқотган. "Кун" нашри мухбири мазкур йўлда ҳаракатланаётган автоулов эгаларини сўзга тортди. Суратга олмасликни ва исмини сир сақлашни илтимос қилган ҳайдовчилар ўз дардларини тўкиб солишди.

- Тасаввур қилинг, 30 километрли йўлни «Нексия» машинасида 1 соату 20 дақиқада, кези келганида бир ярим соатда босиб ўтамиз. Бу кулгили эмасми? Бу ҳайдовчиларнинг ҳам вақти, ҳам моддий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмайдими? Қилинган мурожаатлар бесамар кетяпти, чет ҳудуд бўлгани учунми, ҳеч ким бу ерга эътибор қаратмайди, - деди ҳайдовчилардан бири.

- Ўзимиз қум-шағал тўкиб текислашга ҳаракат қиламиз, аммо ёғингарчилик вақти бари яна расво бўлади. Тоғдан келадиган, баъзида ростманасига селга айланиб кетадиган сув оқими йўлларни баттар расво қилиб ташлайди. Бизнинг ҳеч кимга ёмонлигимиз ёки ичиқоралик жойимиз йўқ, аммо ҳокимиятнинг бу борада қандайдир режалари, дастурлари бўлса, оддий халқни йиғиб тушунтирсин, билдирсин, - дейди улардан яна бири.

Бу муаммога мутасаддиларнинг муносабати қандай? Улардан изоҳ олиш учун сайт Яккабоғ туман ҳокимиятига ташриф буюрди. Уларни ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Абдурасул Сафаров қарши олди. Муаммони тинглагач, бу ҳақда қуйидагича маълумот берди.

- «Татар» маҳалла фуқаролар йиғини, Тошқўрғон қишлоғидаги Амир Темур ғоригача борадиган ички хўжалик йўлларини таъмирлаш тегишли мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилган. Бунинг натижасида аниқ хулосага келинган. Яъни, ушбу йўлни таъмирлаш учун Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 14 февралдаги «Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантиришнинг 2017-2019 йилларга мўлжалланган дастури тўғрисида»ги ПҚ-2775-сонли қарорига асосан мазкур йўл манзилли дастурга киритилган. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, айнан мана шу йўл 2019 йилдан бошлаб таъмирланади. Чунки бу билан маҳаллий аҳолининг муаммоси бартараф этилишига эришилса, бошқа томондан ҳудудда экотуризмни ривожлантиришга ҳам туртки бўлади, - деди А.Сафаров.

Мурожаатда айтилганидек, бу ернинг табиати жуда чиройли, ҳавоси тиниқ. Ҳисор тоғ тизмаси бошланадиган жойда, тоғ дарасидан Қизилсув дарёси оқиб келади. Биз тилга олаётган йўлга қарийб ёндош оқади. Ҳақиқатан ҳам бу ернинг табиати манзараси сайёҳлар ҳайратига сабаб бўлади. Неча йиллардан буён бориш қийин бўлган, тақиқланган Амир Темур ғорига саёҳат ҳам нафақат туристлар учун, балки ўзбекистонликлар учун ҳам қизиқ.

Лекин қуруқ гап билан муаммолар ечилмайди. Ҳеч бир мақсад, лойиҳа ёки режа амалда ўз исботини топмас экан, у қуруқ гаплигича қолиб кетаверади. Ўйлаймизки, туман мутасаддилари бу масалага жиддий эътибор қаратишади ва давлат раҳбари олиб бораётган сиёсатга ҳамоҳанг ҳаракатланишади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!