Амални амалга оширмаса ҳам савоб бўладими?

Амални амалга оширмаса ҳам савоб бўладими?

Аллоҳга ихлосли бўлишнинг баракаларидан яна бири бу амални бутунлай бажара олмай қолганда ҳам ўша амал учун бериладиган савобга комил суратда эришишдир. Ушбу оятига эътибор берайлик: “Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушади. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир” (Нисо, 100).

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳисалом шундай деганлар: “Мадинада қолиб биз билан бирга кета олмаган бир қавм борки, бирор дара ёки водийдан ўтсак ҳам, улар биз билан бирга. Уларни узр биз билан бирга кетишдан тўсиб қолган” (Бухорий ривояти).

Насаий ва Ибн Можа Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинган: “Ким ётар ўрнига тунда туриб ибодат қилишни ният қилиб ётса, аммо кўзларига уйқу ғолиб келиб тонггача ухлаб қолса, Унга ният қилган нарсаси ёзилади ва бу нарса унга роббисидан садақа бўлади”.

Имом Муслимнинг саҳиҳларида келган ҳадисда: “Ким Аллоҳдан шаҳидликни сидқидилдан сўраса, ўз ётоғида вафот топса ҳам Аллоҳ уни шаҳидлар манзиласига етказади” дейилган.

Ушбу ҳадис Аллоҳ йўлида ўлдирилмай, ётоғида ётган ҳолда вафот этган кишига шаҳидлик мартабаси берилиши учун икки шарт борлигини таъкидланган. Биринчиси, банда Аллоҳдан шаҳидликни сидқидилдан сўраши, иккинчиси, чин дилдан шаҳид бўлишни исташи лозим. Тили билан кўпчилик бундай мартабани сўраши, аммо қалбида бунинг тескариси бўлиши мумкин. Бандани ҳисоб қилинаётганда суяниладиган нарса эса унинг дилидир ва Аллоҳ уни билгувчидир.

Роббисига ихлосли банда амални бажараётиб хато қилиши мумкин. Шунда унинг солиҳ нияти унга шафоатчи бўлиб келади ва хатосини тўғирлаб нуқсонини тўлдиради.

Икки саҳиҳ китобда келган ҳадисда уч кеча кетма-кет садақа қилган, биринчи кеча билмасдан ўғрига садақа қилиб қўйган, иккинчи кеча билмасдан зинокор аёлга садақа қилиб қўйган, учинчи кеча билмасдан бой одамга садақа қилиб қўйган, аммо нима бўлса ҳам Аллоҳга ҳамд айтган киши ҳақида гап борган. Аллоҳ унинг қалбини собит қилиб, кўксини кенг қилишни ирода қилади. Унга тушида бир киши келиб: “Ўғрига қилган садақанг сабаб, шоядки, ўша ўғри ўғриликдан иффат қилиб қолса. Зинокор аёлга қилган садақанг сабаб, шоядки, ўша зинокор аёл ўғриликдан иффат қилиб қолса, бойга қилган садақанг сабабидан, шоядки, бой ибрат олиб ўзи ҳам садақа қилса”, дейди. Аллоҳ садақани унинг нияти туфайли қабул қилади ва садақанинг манфаатини дунёю охиратда зое қилмайди. Мана шу ихлосли кишиларнинг мукофотидир.

Шайх Юсуф Қарзовийнинг "Ният ва ихлос" китоби

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!