Алмазбек Атамбаевга нисбатан қамоқда куч ишлатилгани айтилмоқда

Алмазбек Атамбаевга нисбатан қамоқда куч ишлатилгани айтилмоқда

Қирғизистон. Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази мамлакатнинг қамоқдаги собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга нисбатан куч ишлатилганини аниқлади. Маълум қилинишича, марказ ходимлари жорий йилнинг 24 март куни Атамбаев жазони ўтаётган 47-колонияга келган. Текширув хулосасига кўра, собиқ президентга нисбатан куч ишлатилгани тасдиқланган.

Миллий марказ хабарида айтилишича, собиқ президент билан суҳбат ўтказилганда у жиноят иши кўриб чиқилган кун — 23 мартда ўзини яхши ҳис қилмаётгани сабабли соғлиғи бўйича суд мажлисида қатнашишдан ёзма равишда бош тортган. Ёзма аризасини колония бошлиғининг навбатчи ёрдамчисига топширган.

Бироқ мавжуд баённомага қарамай, қамоқхонанинг 10 нафар ходими Атамбаевни устки кийим ва пойабзалсиз кўчага олиб чиқиб, унга нисбатан куч ишлатган. Шундан сўнг собиқ давлат раҳбари ҳарбий бўлинмага топширилган. Улар эса Атамбаевни махсус автомашинага ўтиришга мажбурлаган ва уни судга олиб келган. Миллий марказ ходимлари собиқ президент билан суҳбат чоғида унинг оёқ ва қўлларида кўкаришларни аниқлаган. У тиббий ёрдамни рад этган.

Иш материалларини ўрганиш жараёнида собиқ президентнинг ёзма аризаси ва 47-сонли муассаса ходимлари томонидан тузилган далолатнома топилмаган. Натижада юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг йўқлиги тўғрисида далолатнома тузилган. Бундан ташқари, видеоёзувни кўриш сўралганида колония масъуллари серверга кириш имкони йўқлигини айтиб, видеони кўрсатишдан бош тортган.

Юқоридаги далиллар асосида Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази тегишли органларга мурожаат юбориши билдирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!