Аллоҳнинг мукофоти қимматлидир!

Аллоҳнинг мукофоти қимматлидир!

Масжидимизга қатнаб турадиган бир намозхон ака борлар. Шу киши ўзи билан бўлган бир воқеани ҳикоя қилиб бердилар.

“Анча йил олдин, уч-тўрт киши камаз машинасини олма билан тўлдирдик ва тижорат мақсадида совуқ ўлкага йўл олдик. Бир неча кун йўл юриб манзилга етиб боргач, меҳмонхонага жойлашдик. Сафар чарчоғи ўз ҳукмини ўтказиб қаттиқ ухлаб қолибман. Ярим кечаси уйқумдан уйғотишди...

Қарасам, кроватимда шармандали ҳолатда бир қиз ўтирарди. Нима бўлаётганини идрок қилгунимча, уйғонганимни кўрган фоҳиша менга суйкала бошлади. Шайтон васвасасидан зўрға қутулдим ва вужудимни Худодан қўрқув эгаллади.

Қизга:
– Менга суйкалма! Мен зино қилмайман, бор чиқиб кет! – дедим.

У бўлса , "Эркакмисан ўзи, ..." каби сўзлар билан шахсиятимга тега бошлади.

Ўзимни ўнглаб тушунишимча, шерикларим мен ухлаётганимда, "чарчоқбосди" учун ўзларига бир нечта "суюқ аёлларни" чақиришган ва ўзларича каминага ҳам "илтифот" кўрсатишганди. Ўрнимдан туриб кийиниб ташқарига чиқиб кетдим.

Тонг отди...
Эрталаб юкларимизни бозорга очганимиздан озгина ўтиб менинг олмаларимга харидор келди. Яхшигина фойда эвазига нархини келишдик. Харидор мендаги олмалар кам эканлиги, унга кўпроқ кераклигини айтди. Мен шерикларимда ҳам олма борлигини айтиб, харидорни уларни олдига олиб бордим. Лекин биронтасининг олмалари харидорга ёқмади ва фақат менинг молимни олиш билан чекланди. Ваҳоланки олмаларни, ҳамсафарларим билан бир боғни ҳосилидан олгандик. ҳамроҳларим "юк"ларини сотишда яхшигина қийналишди ва тижоратлари ҳам кўнгилдагидек бўлмади.

Аллоҳдан қўрқиб битта гуноҳдан четланганимга, Худо менга кўпгина мукофотлар берди!” – деб акамиз ўз ҳикояларини якунлади.

Мен эса бу воқеани эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, Умар ибн Хаттоб ривоят қилган, муттафақун алайҳ бўлган ҳадисдаги, ғорда қамалиб қолган уч кишидан иккинчисининг қиссасини эсладим.
Маълумки унда, амакисининг қизи билан зино қилишни, Аллоҳдан қўрқиб тарк қилган солиҳ кишининг амалини Аллоҳ қабул қилгани ва мукофотлагани баён қилинган.

Меҳрибон Роббимиз намозхон акамизнинг холис амалини бу дунёда тақдирлабди. Энди, ушбу амалнинг мукофотини охиратда ҳам тақдирласа не ажаб?!

Ахир, Аллоҳнинг мукофоти қимматлидир! Аллоҳнинг мукофоти жаннатдир!

Manba: azon. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!